“Санжик” суддан чиқариб юборилди. Адвокатлар муҳим деталлар ҳисобга олинмаганидан норози
Review
−
19:43 4032 6 minutes
Жорий йилнинг 25 сентябрида Санжар Каримов иши бўйича олиб борилаётган суд жараёнларининг музокаралар қисми бўлиб ўтди. Таркиб ҳам, тафсилотлар ҳам ўзгармаган, ягона ўзгарган нарса – судьялар ҳайъати энди ҳимоячиларнинг илтимосномаларини эмас, икки томоннинг музокара нутқларини тинглади.
Бу галги суднинг аввалгиларидан яна бир фарқи – судланувчи Каримов суд жараёнлари давом этаётган вақтда раислик қилувчининг қарори билан суд залидан чиқариб юборилди. Бунга сабаб эса жабрланувчи аёлга сўз берилган вақтда у минбарга чиққанида йиғлаб юборгани учун ойна ортида ўтирган Каримов аёлга “театр қўйманг” мазмунидаги гапни айтгани бўлди. Раислик қилувчи бу ҳолатни судга нисбатан ҳурматсизлик, дея баҳолади ва судланувчини суд жараёнларидан четлатди.
“Биласизлар, суд мажлиси ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Бу тартиблар Жиноят-процессуал кодексида белгилаб қўйилган.
Судланувчи аввалги суд мажлисларида бир эмас, икки марта суд мажлисини ўтказиш тартибини бузган. Иккинчи ҳолатда раислик этувчи томонидан унга қатъий огоҳлантириш берилган ва агар учинчи марта ҳам шундай тартибсизликка йўл қўйилса, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилган.Бугун эса, кўриб турганингиздек, судланувчи томонидан яна суд мажлисидаги тартиб бузилди. У судга нисбатан ҳурматсизликни очиқ намоён қилганидан сўнг, аввалги огоҳлантиришни инобатга олган ҳолда, раислик этувчи томонидан судланувчи суд залидан чиқариб юборилди”, – дея ҳолатга изоҳ берди Тусрунали Акбаров.
Суд жараёнларининг навбатдаги қисми якунлангач, судланувчининг адвокатларидан бири бўлган Мансур Абдураимов баъзи фикрлари билан бўлишди.
“Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг жорий йил 8 май куни чиқарган ҳукми муҳокама қилинмоқда. Бу ерда гап айблов хулосаси ҳақида эмас. Айблов хулосаси асосида суд ҳукми чиқарилган. Ҳозир Санжар Каримов суд ҳукми асосида жазони ўтамоқда.Суд ҳукми бўйича мен ҳозир ўз фикримни айтдим. Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасида айтиладики, суд ҳукми суд мажлисида аниқланган, текширилган ва баҳоланган далилларга асосан чиқарилади.Энди яна бир муҳим масала бор. Жиноят-процессуал кодексининг 467-моддаси мавжуд. Суд ҳукмининг кириш, тавсиф ва якуний қисмлари бўлади. 467-моддада суднинг ўз хулосаларини баён қиладиган қисмида нималар кўрсатилиши кераклиги белгиланган.
Яъни, жиноят содир этилганми, жиноят содир этилишида айнан шу шахс иштирок этганми, агар иштирок этган бўлса, бу ҳолат қайси асосли ва текширилган далиллар билан тасдиқланган – ана шу масалалар кўрсатилади. Далиллар ишга алоқадорлиги, ишончлилиги ва мақбуллиги нуқтаи назаридан баҳоланади. Суд айнан шу баҳоланган далилларга асосланиб, ўз хулосаларини баён қилади.
Энди, мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, адвокат суд ҳукмига баҳо бермайди. Адвокат суд ҳукмини текшириши, ундаги ҳолатларни кўриб чиқиши ва таҳлил қилиши мумкин. Ҳимоячи ўзининг ҳуқуқий нуқтаи назаридан келиб чиқиб, суд ҳукмида Жиноят-процессуал кодекси ва амалдаги қонунларга зид бўлган жиҳатларни кўрсатиб беради.
Биз ҳозир бошқа катта эпизодларга қайтмаймиз. Айнан мана шу эпизод, яъни учинчи эпизод ҳақида гапиряпмиз.
Санжар Каримовга қўйилган айбловда айтилишича, тергов ҳаракатлари давомида келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб, ўзи истиқомат қилиб келган Марказ-1 даҳаси, 29-уй, 13-хонадондаги офис столининг тортмасида “Парламент” тамаки маҳсулоти қутиси ичидан полиэтилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли, мумсимон модда, 10 минг сўмлик купюрага ўралган модда, 200 сўмлик купюрага ўралган модда, оқ қоғозга ўралган яшил рангли, ўткир ҳидли, ўтсимон модда ҳамда сиғими 0,5 литр бўлган, устки қисми зар қоғоз билан қопланган ва чекиш учун мўлжалланган “баклажка” топилгани кўрсатилган.Энди мана шу суд ҳукмида савол туғилади: Хўп, бу қутининг ичидан топилган модда нима экан?
Полиэтилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли, мумсимон модда нима? “Наша”ми, “марихуана”ми, “гашиш”ми, “опий”ми? Айнан қандай гиёҳвандлик воситаси экани ҳақида савол туғилади.
Кейинги савол эса – агар унинг номи кўрсатилмаган бўлса, миқдори қанча? Чунки “озгинадан кўпроқ миқдор” деган тушунча ҳар бир гиёҳвандлик воситасига нисбатан алоҳида белгиланади. Масалан, бир турдаги модданинг озгинадан кўпроқ миқдори бошқа турдаги гиёҳвандлик воситасининг миқдорига тенглаштирилмайди.
Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли тартиб белгиланган бўлиб, унда гиёҳвандлик воситаларининг номи ва уларнинг қайси миқдори қандай тоифага кириши кўрсатилган. Масалан, айрим моддалар учун оз миқдор 0,2 грамм билан 2 грамм оралиғида бўлиши мумкин, бошқа моддалар учун эса бу кўрсаткич мутлақо бошқача бўлади.
Шунинг учун суд ҳукмида айнан шу масала аниқланмаган. Агар аниқланган бўлса ҳам, ҳукмда бу ҳақда кўрсатилмаган.
Мана шу учинчи эпизод бўйича содир бўлган воқеанинг батафсил баёни ҳам тўлиқ келтирилмаган. Агар модданинг тури ҳам, миқдори ҳам кўрсатилмаган бўлса, унда Санжар Каримов нега ўтирибди?
Биринчи инстанция судида ушбу ишда қатнашган тезкор ходимлар, экспертлар сўроқ қилинган. Эксперт судда шуни айтган: “Ҳақиқатда, наркотик модда экспертизага тақдим этилган, лекин унинг таркибида тамаки моддаси ҳам бор экан. Мен уни ажрата олмадим, таркибидан алоҳида ажратиб олишнинг имкони бўлмади, шу сабабли экспертизага қандай тақдим этилган бўлса, шундайлигича текширганман”, деган мазмунда кўрсатма берган.
Суд эса бу ҳолатни ҳукмда тўлиқ ёритмаган. Экспертнинг кўрсатмаси келтирилган, лекин унга ҳуқуқий баҳо берилмаган.Айнан шунинг учун суднинг “аниқладим” деб баён қилган қисмида ўзи аниқлаши лозим бўлган ҳолатлар ҳам кўрсатилмаган. Яъни суд наркотик модданинг номини ҳам, миқдорини ҳам аниқ кўрсатмаган.
Лекин негадир Санжар Каримовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 273-моддаси иккинчи қисми билан квалификация қилинган.Аввало, биз у ерда айнан қандай наркотик модда борлигини ва унинг миқдорини аниқлаб олишимиз керак. Шундан кейингина уни ўтказиш мақсади бўлган-бўлмаганлиги масаласини кўриб чиқиш мумкин.Лекин суд, аксинча, шу хулосага келган.
Энди биз 21 август куни апелляция суди терговни қайта тиклаган пайтда, мана шу масалаларга ойдинлик киритилади, деб ўйлаган эдик. Бундан олдин ҳам бошқа адвокатлар томонидан бир неча маротаба илтимосномалар киритилган. Сизлар ҳам буни ёритдингиз.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида эса “Нега шунча – ўнта илтимоснома?” деган савол туғилмоқда.
Мана шу илтимосномаларнинг асосий мақсади ҳам айнан шу масалага аниқлик киритиш эди. Яъни экспертни чақириш керакми, ишда қатнашган тезкор ходимларни чақириш керакми, далилларнинг мақбуллигига ҳуқуқий баҳо бериш керакми – мана шу масалалар кўтарилган.Лекин суд бу илтимосномаларни рад этди.
Энди суд мана шу ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигига баҳо бериш жараёнини якунламоқда. Ҳозир суд маслаҳатхонага киради. Маслаҳатхонага кирганидан кейин ушбу ҳукм юзасидан ўз ажримини чиқаради.
“Энди унинг натижасини кўрамиз”, дейди адвокат Мансур Абдураимов.
Шундай қилиб, якуний босқичига етиб келган суд 28 сентябрь санасига қадар танаффус эълон қилди.
Умид Сулаймонов
Live
All