Россиянинг Киевга ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди (видео)
World
−
18 January 2025 5386 1 minute
Бугун, 18 январь куни эрта тонгда Россиянинг Украина пойтахти Киев марказига қилган дрон ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилди.
Ткаченкога кўра, ҳалок бўлганлар Киевнинг Шевченкивский туманидан бўлган. Днепр дарёсининг нариги томонида жойлашган Деснянский туманига ҳам дрон қолдиқлари тушган.
Киев мэри Виталий Кличко шаҳар атрофида ҳаво мудофааси тизимлари ишга туширилганини маълум қилган. Шевченкивский туманида деразалар синиб кетгани, шу жумладан, метро бекатига ҳам зарар етгани қайд этилган. Яна бир хонадон биносидан тутун чиқаётгани ва сув қувури зарар кўргани ҳақида хабар берилган. Ушбу жойга таъмирлаш бригадалари юборилган. Ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш бир соатдан кўпроқ давом этиб, кейин бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Калуга вилояти Людиново шаҳрида жойлашган “Роснефть” нефтебазани ўққа тутгани хабар қилинган эди. Дронлар ҳужумидан кейин Людиново шаҳридаги саноат корхонаси ҳудудида ёнғин содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар бўлмаган.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August