Украина дронлари Калугадаги нефтебазага зарба берди
Олам
−
09:38
2666Украина дронлари Россиянинг Калуга вилояти Людиново шаҳрида жойлашган “Роснефть” нефтебазани ўққа тутди. Бу ҳақда Калуга губернатори Владислав Шапша маълум қилди.
Унинг айтишича, дронлар ҳужумидан кейин Людиново шаҳридаги саноат корхонаси ҳудудида ёнғин содир бўлган. У ерда фавқулодда ҳолат хизмати ва тезкор гуруҳ иш олиб бормоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Людиново маъмурияти раҳбари Стефан Перевалов ҳам ҳеч қандай қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлигини тасдиқлади. Ёнғин тарқалиш хавфи мавжуд эмас.
Россиянинг норасмий Telegram-каналлари Людиноводан олинган видеоларни чоп этмоқда. Видеоларда нефтебаза ҳудудида катта ёнғин содир бўлгани кўриниб турибди, осмонга тутун ва олов баланд кўтарилган.
Людиново шаҳри Украина чегарасига тахминан 170 км масофада жойлашган. Россиянинг нефть соҳасига оид "Нефтегаз" портали маълумотларига кўра, Людиновода “Роснефть”га қарашли “Калуганефтпродукт” қўшма корхонаси бор. У ерда тўққизта резервуар мавжуд бўлиб, умумий ҳажми 6700 куб м. У ерда AI-92, AI-95 бензини ва дизель ёқилғиси сақланади.
Шунингдек, ушбу нефтебаза олдин ҳам дронлар ҳужумига учраган. Масалан, 2024 йил 28 апрелида резервуарнинг ташқи қисмига зарар етган, лекин катта бузилишлар бўлмаган. 2024 йил 16 ноябрь ва 23 декабрда ҳам ҳужумлар ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси Украинанинг Днепропетровск вилояти Кривой Рог шаҳридаги турли объектларга ракета зарбаси йўллаганди. Оқибатда тўрт киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси