Россиялик стример Қозоғистондан ҳайдаб чиқарилди (видео)
World
−
19:28 1879 2 minutes
Қозоғистон шаҳарларининг ҳудудий яхлитлиги ва давлатга тегишлилигини шубҳа остига олган россиялик стример Қозоғистондан ҳайдаб чиқарилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда ва Twitch платформасида Fasoollka тахаллуси билан танилган россиялик стримернинг Қозоғистон ҳудудида олиб борган тўғридан тўғри трансляцияларидан лавҳалар тарқалди. Ўз эфирлари давомида у тизимли равишда Қозоғистон шаънига провокацион ва иғволи фикрлар билдирган, хусусан, Қозоғистон шаҳарларининг ҳудудий яхлитлиги ва давлатга тегишлилигини шубҳа остига олган. Блогер ўз нутқида Қозоғистон фуқаролари, маданияти ва анъаналарига нисбатан паст назар билан қаралувчи стереотипларни урғулаган.
Июнь ойи бошида Гузаева Қозоғистонга келган ва бир неча бор тўғридан тўғри эфирга чиққан. Стримлар вақтида у мамлакат ва унда яшовчи аҳоли шаънига ҳақоратли фикрлар билдирган.
“Қозоғистон худди Ҳиндистонга ўхшайди, у ерда ҳуқуқлар йўқ, тўғрими? Хоҳлаганингча юришинг мумкинми?” деган у эфирлардан бирида.
Bошқа бир эфирда эса шундай сўраган:
“Қозоғистонда қиз бола неча ёшдан “яроқсиз” бўлиб қолади? 13 ёшданми?”
Ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш жараёнида полиция ходимлари томонидан унинг стримларига ҳуқуқий баҳо берилган.
“Хориж фуқароси суд қарори билан жарима кўринишидаги маъмурий жавобгарликка тортилди. Қонунда белгиланган тартибда унинг мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши бўйича чоралар кўрилди. Қонунчиликка мувофиқ, унинг Қозоғистонга кириши беш йил муддатга чекланади”, дея хабар берди Астана полиция департаменти.
Полиция Қозоғистон хорижий фуқаролар ва меҳмонлар учун очиқ эканини, бироқ мамлакат ҳудудида бўлиш қонунчиликка сўзсиз риоя қилишни, шунингдек, мамлакатга, унинг фуқароларига ва умумеътироф этилган хулқ-атвор нормаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилишини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва метросида провокацион видеолар суратга олиб, уларни ижтимоий тармоқларда эълон қилиб келган ўзбекистонлик блогер полиция ходимлари томонидан қўлга олинганди.
Live
All