Россиядан жавоб зарбаси: Украинанинг муҳим объектлари нишонга олинди

World

image

Россия ҳарбийлари бугун, 28 август куни Украина ҳудудидаги бир қатор объектларга зарба берди. Ҳужумлар оқибатида Запорожье шаҳридаги “Эпицентр” савдо марказида ёнғин чиқди, Суми ва Киев вилоятидаги “Новая почта” логистика марказлари зарарланди. Бу ҳақда Запорожье вилояти раҳбари Иван Федоров маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳужум оқибатида тўрт киши жароҳатланган. Федоров ҳужумдан сўнг ёнаётган савдо марказининг фото ва видеоларини ҳам эълон қилган. Шунингдек, Россиянинг оммавий ҳужуми оқибатида Украинанинг Суми ва Киев вилоятларидаги “Новая почта” компаниясига тегишли саралаш марказлари вайрон қилинган. Бу ҳақда компаниянинг ўзи хабар берган.

Маълум қилинишича, Суми шаҳрида Россия ҳарбийлари омборга авиабомбалар билан зарба берган. Киев яқинидаги саралаш маркази эса Россия дрони ҳужумига учраган. Компания ходимлари орасида жабрланганлар йўқ.

Киев вилояти маҳаллий ҳокимияти маълумотларига кўра, “Новая почта” омборидан ташқари, ишлаб чиқариш объекти ҳам Россия зарбасига учраган. Мазкур объектнинг айнан нима экани очиқланмаган. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган.

Бундан ташқари, кеча, 27 август куни кечқурун Россия дронлари Харьков вилоятининг Змиёв шаҳрига ҳам зарба берган. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълум қилган.

Хабарга кўра, зарбалардан бири аҳоли яшаш ҳудудига келиб тушган. Одамлар бўлган иккита хусусий уйда ёнғин чиққан. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, икки киши, жумладан, бир бола жароҳатланган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса тунда Россия ҳарбийлари Украина ҳудудидаги логистика марказлари ва денгиз портларига зарба берганини билдирган. Вазирлик бу объектлардан “Украина Қуролли кучлари манфаатлари йўлида” фойдаланилганини таъкидлаган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, зарбалар нишонлари қаторида Киев вилоятидаги қанотли Flamingo ракеталари сақлангани айтилган омбор ҳам бўлган. Шунингдек, Одесса портидаги “ҳарбий мақсадлардаги мол-мулк” сақланадиган омборларга ҳам зарба берилгани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Оренбург ва Уфа шаҳарларидаги Ozon компаниясининг логистика объектлари кеча, 27 августга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумига учраган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends