Россияда айиқлар бир ой ичида 7 кишини ўлимига сабаб бўлди
World
−
15:10 1209 2 minutes
Россиянинг Красноярск ўлкасида айиқнинг одамга қилган ҳужуми оқибатида 51 ёшли аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Insider хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 25 сентябрь куни Ирбей-Саян округининг Вознесенка қишлоғида содир бўлган. Аёл эрталаб томорқасига чиққанидан айиқ уй ҳайвонлари сақланадиган қўрага киришга уринаётганини кўрган. Йиртқич унга ташланиб, аёлни воқеа жойида ўлдирган. Шундан сўнг айиқ қўшниси томонидан отиб ўлдирилган.
Икки кун аввал Россия Тергов қўмитаси сентябрь ойида айиқ ҳужумлари оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани юзасидан мансабдорларнинг эҳтимолий лоқайдлиги бўйича жиноят иши очган.
Шундан бир кун ўтиб, терговчилар Красноярск ўлкаси Табиий ресурслар ва ўрмон хўжалиги вазирлигида тинтув ўтказган. Идорадан айиқлар сонини тартибга солиш билан боғлиқ ҳужжатлар олиб қўйилган. Ҳозирча иш бўйича гумонланувчилар номи ошкор қилинмаган.
Маълумотларга кўра, Красноярск ўлкасида қўнғир айиқлар сони 2,5 баробарга кўпайиб, 26 мингдан ошган. Аҳолидан айиқларнинг аҳоли пунктларига кириб келгани ҳақида 120 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Йиртқичлар ҳудуднинг 15 дан ортиқ туманида, шунингдек Красноярск, Железногорск ва Зеленогорск шаҳарларида қайд этилган.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни ўлка Табиий ресурслар вазирлиги 1 214 та айиқни отиб ташлаш бўйича қарорлар қабул қилинганини маълум қилган. Шундан 653 таси аллақачон йўқ қилинган.
Мутахассислар эса айиқларнинг одамлар яшайдиган ҳудудларга кўп чиқаётганини фақат уларнинг сони ортгани билан изоҳлаб бўлмаслигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, озуқа базаси ва яшаш ҳудудларининг бузилиши, ўрмонларнинг кесилиши, ёнғинлар, аҳоли пунктлари яқинидаги чиқиндихоналар ҳамда озиқ-овқат чиқиндиларини тўғри бошқармаслик бунга сабаб бўлиши мумкин.
Greenpeace Марказий ва Шарқий Европа эксперти Дмитрий Маркиннинг қайд этишича, айиқларни отиб ташлашнинг ўзи муаммони ҳал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кениянинг машҳур Амбосели миллий боғида бир ой ичида 15 та фил ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All