Россияда 555 метрлик ноодатий осмонўпар бино қурилади
World
−
19:09 1564 1 minute
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида баландлиги 555 метр бўлган “Лахта Центр – 3” осмонўпар биноси қурилади. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Бош давлат экспертизаси “Лахта Центр – 3” осмонўпар биносининг лойиҳа ҳужжатларига ижобий хулоса берган. Тегишли маълумот қурилиш объектлари лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси хулосаларининг ягона давлат реестрига киритилган.
Баланд бинони Санкт-Петербургнинг Лахта-Ольгино муниципал округида қуриш режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширувчи компания “Синергия”, техник буюртмачи эса “Ренконс” ҳисобланади.
Меъморий лойиҳа иккита ўзаро бурама спирал шаклидаги конструкцияни назарда тутади. Улар марказдаги бир неча қават баландлигидаги атриумлар атрофида биноларнинг асосий ҳажмини шакллантиради.
Бинонинг 43, 70 ва 88-қаватларида кафе ҳамда кўкаламзорлаштирилган ҳудудларга эга қишки боғлар ва дам олиш майдонлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Биринчи ва 100-қаватларда ноозиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари, дорихона киоскаси ҳамда сувенир савдоси учун жойлар бўлади. Бинонинг юқори қисмида эса кўргазма майдони ва кузатув майдончаси жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 77 қаватли, баландлиги 340 метр бўлган “Душанбе” минораси ва 52 та объектдан иборат йирик меъморий мажмуа қурилиши бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All