Россия ва Украина Рождествогача сулҳга эришиши мумкин – Мелания Трамп

World

−

image

АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп Россия ва Украина ўртасида Рождество байрамига қадар сулҳ келишувига эришиш имконияти борлигини айтди. Унинг таъкидлашича, бу борада АҚШ, Россия ва Украина вакиллари ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Мелания Трамп “Fox News” эфирида гапирди.

Маълум қилинишича, телеканал бошловчилари биринчи хонимдан яқинлашаётган байрамлар муносабати билан нимани кўпроқ кутаётганини сўраган. Бунга жавобан у дунёда тинчлик ўрнатилишини ва, айниқса, сулҳ келишувларига эришилишини исташини билдирган.

“Агар Украина ва Россия буни хоҳласа, биз сулҳга жуда тез эришишимиз мумкин. Бу борада аллақачон музокаралар олиб борилмоқда. Шу сабабли Рождествогача яна бир сулҳ келишуви бўлиши мумкин. Умид қиламанки, шундай бўлади”, деган Мелания Трамп.

Россия ва Украина томони ҳозирча мазкур баёнот юзасидан муносабат билдирмаган. Мелания Трамп айнан қандай сулҳ келишуви ҳақида гапираётганига аниқлик киритмаган. Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Донецк вилоятининг Костянтиновка шаҳрида Украина билан ҳамкорликда гуманитар операция ўтказишни таклиф қилган эди.

Шунингдек, Россия ва Украина расмийлари маълумотларига кўра, Мелания Трамп аввалроқ Херсон вилоятидаги Олешки шаҳрида гуманитар миссияни ташкил этишда муҳим воситачилик ролини бажарган.

Маълумот учун, АҚШ ва Украинада Рождество 25 декабрь куни, Россияда эса 7 январь куни нишонланади. 2023 йилда Россия Рождество муносабати билан бир томонлама сулҳ эълон қилган, бироқ шунга қарамай, ҳарбий ҳаракатлар давом этган. Кейинги йилларда эса Рождество муносабати билан сулҳ эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишувига 2027 йил январь ойи бошига қадар эришишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Вашингтон ушбу муддатга Демократик партия АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси устидан назоратни қўлга киритишидан олдин етишни мақсад қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends