Россия Украинанинг Қора денгиз бўйича сулҳ таклифини рад этди
World
−
18:38 896 1 minute
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина билан Қора денгизда ўзаро сулҳ тузиш учун асос кўрмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик расмий вакили Мария Захарова баёнот берди.
Захарова Туркиянинг Қора денгизда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги таклифига изоҳ берар экан, Россия фуқаролик кемаларига қарши Украина дронлари ҳужумлари давом этаётганини айтиб ўтган.
“Вазият яхшиланиши учун ҳеч қандай шарт-шароит кўрмаяпмиз. Шу сабабли Киев режимига вақтинчалик нафас ростлаш имконини берадиган ярим чоралар учун ҳам асос йўқ”, деган у.
Маълумот учун, жорий йилнинг 8 август куни Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Россия ва Украинани Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш механизмини яратишга чақирганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россияга Қора денгиздаги фуқаролик объектларига зарба беришни ўзаро тўхтатиш таклифини юборгани ҳақида хабар берилган эди. Манбаларга кўра, Киев ушбу таклифни воситачи орқали Москвага етказган, бироқ жавоб олмаган.
Live
All