Россия баллистик ракеталари Киевда камида 3 кишини ҳалок қилди
World
−
20 August 2737 2 minutes
Россиянинг баллистик ракеталари Украина пойтахти Киевга зарба бериши оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Киев мэри Виталий Кличко Telegram орқали хабар берди.
Унинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида пойтахтдаги бинолар зарарланган ва шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилган. Россия зарбалари 9 қаватли турар жой биносининг юқори қаватларида ёнғин чиқишига сабаб бўлган.
Кличконинг сўзларига кўра, яна бир жойда одамлар вайроналар остида қолиб кетган. Зарба нодавлат ва турар жой объектлари, омборлар ҳамда болалар шифохонасига ҳам теккан.
Гувоҳлардан бири Киевда ўндан ортиқ портлаш овозини эшитганини айтган. Украина пойтахти атрофидаги ҳудудда ҳам 1 киши ҳалок бўлгани маҳаллий расмий томонидан Telegram орқали маълум қилинган.
Россия ва Украина 2022 йил февраль ойида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери деярли ҳар куни бир-бирига ҳужум қилиб келмоқда. АҚШ ва Европа иштирокидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳозиргача барқарор сулҳ ўрнатилишига олиб келмади.
Украина Президенти Владимир Зеленский шу ойда Россия билан урушни тугатиш режаси бўйича АҚШ музокарачилари Стив Виткофф ва Жаред Кушнерга таклифлар тақдим этилганини айтган. Виткофф ва Кушнер сўнгги марта январь ойида Москвага борган, аммо ҳозиргача Киевга ташриф буюрмаган.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова “Известия” нашрига Москва АҚШ музокарачилари билан эҳтимолий янги учрашувлар бўйича аниқ таклифлар олмаганини билдирган. Шу билан бирга, унинг айтишича, Россия қисқа муддат ичида бундай учрашувни ташкил этишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, аввалоқ Россия Харковдаги посёлкага зарба бериши оқибатида ўнлаб қурбонлар бўлганди.