Путиннинг Куриль оролларига сафари Япония ижтимоий тармоқларини “портлатди”
World
−
15:29 5043 3 minutes
Россия Президенти Владимир Путиннинг Курилнинг Итуруп оролига ташрифи ҳақидаги янгилик бир неча дақиқа ичида X ижтимоий тармоғининг Япония сегментида катта шов-шувга сабаб бўлди. Хусусан, дастлабки ярим соат ичида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу мавзу бўйича 2 мингдан ортиқ хабар ва изоҳлар қолдириб, уни муҳокама марказига олиб чиқди.
Фойдаланувчилар Токиодан қатъий жавоб қайтаришни талаб қилиб, ҳокимиятни ожизликда айблаган ва оролни қайтариш ҳақида яна гапира бошлаган.
Япония Ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги, ўз навбатида, X тармоғида пост эълон қилиб, “шимолий ҳудудлар, жумладан, Эторофу уезди ҳам тарихий жиҳатдан, ҳам халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Япония ҳудуди ҳисобланишини” қайд этган ва Москвага “қатъий норозилик” билдирган.
Япониянинг энг йирик ахборот агентлиги “Kyodo” Путиннинг Итурупга илк ташрифи ҳақидаги янгиликни “шошилинч” белгиси билан тарқатган. Бундан ташқари, Россия Президентининг сафари ҳақидаги хабар Япония NHK жамоат телевидениеси сайтида энг кўп ўқилган мақолага айланган ва етакчи япон газеталарининг асосий материаллари қаторидан жой олган.
Маълумот учун, Куриль ороллари – Тинч океани ва Охота денгизи оралиғида, Камчатка ярим оролидан Япониянинг Хоккайдо оролигача чўзилган вулқонли ороллар занжиридир. Бу ҳудуд стратегик жойлашуви, бой табиий ресурслари ва Россия ҳамда Япония ўртасидаги узоқ йиллик ҳудудий низолар билан машҳур.
Иккинчи жаҳон уруши якунида (1945 йил) Совет Иттифоқи бутун Куриль архипелагини ўз назоратига олган. Бироқ Япония архипелагнинг жанубий қисмидаги тўртта оролни (Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи) ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва уларни “Шимолий ҳудудлар” деб атайди. Токио ушбу жанубий ороллар 1855 йилги Симода шартномасига кўра Японияга тегишли бўлганини ва улар ноқонуний босиб олинганини даъво қилади. Москва эса ушбу ороллар устидан суверенитет Иккинчи жаҳон уруши натижаларига кўра қонуний равишда СССРга ўтганини ва бу баҳссиз эканини таъкидлайди. Мана шу ҳудудий баҳс сабабли Россия ва Япония ўртасида Иккинчи жаҳон урушини расман якунловчи Тинчлик шартномаси ҳанузгача имзоланмаган. Ҳозирда ороллар тўлиқ Россия Федерациясининг Сахалин вилояти таркибига киради.
Эслатиб ўтамиз, Путиннинг Сахалин вилояти губернатори билан учрашуви Курилнинг Итуруп оролида бўлиб ўтди. 13 август куни Путин ушбу оролга илк бор ташриф буюриб, ўз ишчи дастурини “Ясный” балиқни қайта ишлаш корхонасига ташрифдан бошлади. У ерда давлат раҳбари завод фаолияти билан танишди, маҳаллий икрадан татиб кўрди ва ходимлар билан мулоқот қилиб, якунда эсдалик учун суратга тушди.
Live
All