Путинга қарши юриш: Жайҳун Байрамов Украинага борди (видео)

World

image

Бугун, 6 август куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов расмий ташриф билан Киевга борди. Вокзалда уни Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига кутиб олди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати X ижтимоий тармоғида хабар берди.

“Ташриф доирасида Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва Украина расмий доираларининг бошқа юқори лавозимли вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган”, дейилади хабарда.

Жайҳун Байрамов Андрей Сибига билан биргаликда Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари хотира майдонига гул қўйган. 

“Байрамов ва Сибига Украинада ишлаб чиқарилган дронлар кўргазмасини кўздан кечиришди ҳамда Украина Қуролли кучлари хотира майдонига чамбар қўйишди”, деб хабар берди Озарбайжон ТИВ.

Шунингдек, Андрей Сибига Жайҳун Байрамов билан ўтказилган матбуот анжумани чоғида Озарбайжонга инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирган.

“Биз Озарбайжонга кенг кўламли босқиннинг дастлабки кунларидан бери кўрсатилаётган ёрдам: Ирпендаги фуқаролик инфратузилмасини қайта тиклаш, инсонпарварлик ёрдами, энергетика объектлари учун ускуналар ва бошқа кўп нарсалар учун миннатдормиз. Биз буни ҳар доим ёдда тутамиз. Озарбайжон Президентига, Озарбайжон халқига ва Озарбайжон ҳукуматига ташаккур билдирамиз”, дейди у.

Сибига Озарбайжоннинг Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашдаги принципиал позициясини юқори баҳолаган.

“Украина ҳам Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳар доим қўллаб-қувватлаган ва қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу муносабатларимизнинг ўзгармас асосидир”, дея қўшимча қилган у.

Сўнгра, Сибига ўтган ва жорий йилда Украина ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликда янги динамикани, шунингдек, барча даражадаги алоқалар фаоллашганини кузатаётганини таъкидлаган.

У Байрамовнинг ушбу ташрифини ана шу янги ва ижобий динамиканинг яна бир элементи сифатида кўришини маълум қилган.

“Апрель ойида Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Озарбайжонга тарихий ташрифи бўлиб ўтди. Давлат раҳбари Президент Илҳом Алиев билан мазмунли музокаралар ўтказди. Биз, шунингдек, муҳим икки томонлама битимлар туздик. Украина юқори лавозимли шахсларининг яна бир қатор муҳим ташрифлари амалга оширилди. Айтганча, учрашувлар, сиёсий алоқаларнинг ушбу динамикаси ўсишни бошлаган икки томонлама товар айланмамизда ҳам ижобий акс этмоқда. Биз ўз олдимизга товар айланмасини урушдан олдинги даражага етказиш мақсадини қўйдик. Ҳозирда ушбу кўрсаткич тахминан 600 миллион долларга етди”, дейди у.

Сибига бугун томонлар икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича атрофлича музокаралар ўтказганини билдирган.

“Украина учун энергетика масаласи устувор бўлиб қолмоқда, гап қишги мавсумдан ўтишга тайёргарлигимиз ва минтақада энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда. Биз, шунингдек, ўзаро манфаатли иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратдик. Озарбайжон компанияларининг инвестицияларини юқори баҳолаймиз. Озарбайжон бизнеси Украинада урушдан олдин ҳам ишлаган ва ҳозир ҳам ишлашни давом эттирмоқда. Унинг иштироки кенгайишига ва янги қўшма, жумладан, стратегик лойиҳалар амалга оширилишига умид қиламиз”, дея қўшимча қилган Украина ТИВ раҳбари.

У томонлар келишиб олганини ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш устида аллақачон иш олиб бораётганини таъкидлаган.

“Биз Жанубий Кавказ ва Яқин Шарқдаги хавфсизлик соҳасидаги вазиятни ҳам муҳокама қилдик. Ўз тарафимдан ҳамкасбимга тинчлик жараёни, Украинанинг Россия агрессиясини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот бердим. Бу масалада Озарбайжоннинг роли ва овози жуда муҳим. Мустақиллик йилларида Украинада ҳам, Озарбайжонда ҳам кўп нарса ўзгарди, аммо халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш ўзгармас бўлиб қолмоқда”, дейди Сибига.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойи ўрталарида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилган эди. Хусусан, у Украина халқи ва мамлакат раҳбарияти ҳудудий яхлитлик масаласида ўз позициялари бўйича ташқаридан бериладиган маслаҳатларга муҳтож эмаслигини, улар истилога рози бўлмаслиги кераклигини айтди. 

Кремль бунга жавобан Бакунинг позициясини хато деб атади ва бу икки томонлама муносабатлар ривожланишига халақит бермаслигини қайд этди.

“Президент Алиев томонидан билдирилган позицияга келадиган бўлсак, бизни яқин муносабатлар боғлаб турадиган ва биз мутлақо қўшилмайдиган бундай позицияни маъқуллайдиган бутун бир қатор давлатлар мавжуд. Ҳа, бу бизнинг келишмовчиликларимиз мавзуси ҳисобланади. Шу билан бирга, биз бу масала икки томонлама муносабатларимизга қандайдир соя солиши учун асос бўла олмайди деб ҳисоблаймиз ва прагматик ёндашувга амал қиламиз”, дейди Песков.

Жорий йилнинг февраль ойида ҳам мамлакатлар ўртасида Украина бўйича позицияда қарама-қаршилик юзага келган эди. Бунга Россия томонидан Украинадаги Озарбайжон элчихонаси ва энергетика инфратузилмасига уюштрилган ҳужум сабаб бўлганди.  Илҳом Алиев буни “қасддан қилинган ҳужум”, деб атади.

2026 йилнинг январь ойида эса Озарбайжон Украинага 1 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами партиясини юборган эди. Россия  эса Украинага кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдамни қоралашини билдириб келади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends