Путиндан Қозоғистонга қўшин киритишни сўраган аёл қўлга олинди

World

−

image

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) Павлодарда маҳаллий аҳоли вакили бўлган аёлни қўлга олди. У олдинроқ Россия Президенти Владимир Путиндан Қозоғистонга қўшин киритишни сўраган ва қозоқларни ҳақорат қилган видеосини эълон қилган. Бу ҳақда “Ulysmedia.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, аёл жорий йилнинг 28 октябрь куни прокуратура назорати остида қўлга олинган. Идора маълумотларига кўра, унга нисбатан судгача бўлган тергов ҳаракатлари бошланган. МХҚнинг қўшимча қилишича, у аввал ҳам гиёҳвандлик моддаларини сотишда айбланиб судланган. Қўмита тергов сирига таяниб, бошқа тафсилотларни ошкор этмаяпти.

Ўзи нима бўлган?

Бир неча кун аввал ўзини Ольга Борисовна Мухаметжанова деб таништиради аёл ижтимоий тармоқ орқали видеомурожаат эълон қилиб, Экибастузда туғилганини айтган. Шундан сўнг, у Путинга мурожаат қилган.

“Владимир Владимирович, илтимос, Қозоғистонга ҳам қўшин кирита оласизми? Токи ҳар бир қозоқ ўз хўжайинини – рус одамини эслаб қолсин ва тан олсин”, дейди у.

Кейинчалик аёл Россия азалий рус шаҳарлари деб атаган Қозоғистон шаҳарларини қайтариб олишини даъво қилган.

“Мен рус одами сифатида шуни маълум қиламанки, Қозоғистонда қозоқлар овоз бериш ҳуқуқига эга эмас”, дейди видео муаллифи.

Охирида у ўзи билан ҳамфикр бўлган россияликлардан лайк босишни сўраган ва қозоқлар шаънига ҳақоратли сўзлар айтган. 

Маълумот учун, Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддасига мувофиқ, миллатлараро адоватни қўзғатганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Ҳолатларга қараб, жазо 8,65 миллиондан 30,275 миллион тенгегача жарима ёки икки йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилишни ўз ичига олиши мумкин. Агар ушбу қилмиш оғир оқибатларга олиб келган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш муддати 12 йилдан 20 йилгачани ташкил этиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондаги вокзалларнинг номи ўзгартирилишини хушламаган россиялик телебошловчи Тина Канделаки ушбу жараённи “манқуртлашиш”га қиёслаган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends