Президент Руфат Рисқиев вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Sport

image

Бугун, 15 август куни Ўзбек бокс мактабининг атоқли намояндаси, жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, машҳур спортчи ва мураббий Руфат Асадович Рисқиев 76 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятида шифокор оиласида туғилган. Ўқувчилик йилларидан бошлаб спортнинг бокс турига меҳр қўйиб, тажрибали устозлар қўлида таълим олган. Ўзининг бетакрор истеъдоди ва юксак техник маҳорати, кучли иродаси ва жанговар характери билан мухлислар эътиборига тушган афсонавий спортчи ўз фаолиятини ҳаваскор боксчи сифатида бошлаб, кейинчалик республика ва дунё миқёсидаги мусобақаларда фаол иштирок этган, қизғин ва аёвсиз жангларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган.

Айниқса, 1974 йил Куба Республикасининг пойтахти – Гавана шаҳрида ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатидаги жанглар унинг спортчилик фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Дунёнинг энг кучли чарм қўлқоп усталарига қарши мардона рингга чиқиб, нуфузли мусобақада олтин медални қўлга киритган ва ўзбек боксида биринчи марта жаҳон чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлган.

У 1976 йилда ёзги Монреаль Олимпиадасида ҳам жонбозлик кўрсатиб, кумуш медални қўлга киритган.

Руфат Рисқиев собиқ Иттифоқ миқёсида 4 карра чемпион бўлиб, хизмат кўрсатган спорт устаси даражасига етишган. У Марказий Осиё мамлакатларидаги биринчи халқаро профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам муваффақиятли иш олиб борган.
 
“Ёрқин истеъдод ва маҳорат эгаси бўлган Р.Рисқиев нафақат республикамиз, балки жаҳон бокс жамоатчилиги ўртасида ҳам катта ҳурмат-эътибор топди. У “Тошкент йўлбарси” деган шарафли ном билан спорт мухлислари, бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллади. Машҳур спортчи ҳақида китоблар ёзилди, бадиий фильм суратга олинди.

Устоз спортчи ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини оширишга мураббий ва ҳакам сифатидаги самарали фаолияти билан ҳам беқиёс ҳисса қўшди. Унинг спорт оламидаги шарафли йўли юртимиздаги ёш спортчилар учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда”, дейилади Президентнинг таъзия мактубида.

Руфат Рисқиевнинг мамлакат спортини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан юксак тақдирланган. У “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.

“Бутун ҳаётини боксчилик фаолиятига бағишлаган буюк спортчи, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Руфат Рисқиевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади ҳамдардлик мактубида.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends