Президент Қорақалпоғистондаги маҳалла аҳли билан мулоқот қилди

Local

image

Бугун, 18 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳудудда мингдан ортиқ оила, жами 3 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга қаратилган.

Жорий этилган “Смарт маҳалла” тизими аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш, демографик маълумотларни аниқ юритиш ва инфратузилма ҳолатини электрон назорат қилиш имконини бериб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ижтимоий инфратузилмани яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Инвестиция дастури доирасида 4,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 60 ўринли замонавий боғча фойдаланишга топширилган. Маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм йўналтирилиб, футбол ва воркаут майдончалари барпо этилган.

Аҳоли даромадини оширишда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида асаларичилик асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ҳозирда маҳаллада 20 дан ортиқ хонадонда асалари боқилмоқда. Бир хонадонда 50-100 та асалари қутисидан йилига 1 тоннагача асал олиниб, даромад топилмоқда.

Давлат раҳбари маҳаллада яшовчи Бахтияр Жубаев хонадонида бўлиб, асални қайта ишлаш цехи ва асалари қутиларини тайёрлаш жараёни билан танишган. У ерда бир мавсумда 2 тонна қайта ишланган асал маҳсулоти сотилиб, йилига 200 миллион сўм атрофида фойда олинмоқда. Устахонада эса йилига 250 тадан ортиқ асалари қутиси тайёрланиб, қўшимча 80 миллион сўмгача даромад кўрилмоқда.

Йил якунига қадар Асаларичилар уюшмаси томонидан яна 100 та хонадонда кооперация асосида асалари боқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу яна кўплаб оилаларни барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.

Президент шу ерда ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот қилган.

Оролбўйини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланган. Маҳаллаларда бошланган бундай хайрли ишлар кўлами кенгайтирилиб, уларни амалга ошириш суръати янада жадаллашиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона мажмуаси билан танишганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends