Шавкат Мирзиёев Кегейлидаги иссиқхона мажмуасини бориб кўрди

Local

image

Бугун, 18 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона мажмуаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли даромадларини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ташаббуси билан Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона мажмуаси ҳам ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа фаолияти билан яқиндан танишган.

Бу ерга 12,5 миллиард сўм имтиёзли маблағ ажратилиб, 5 гектарда замонавий енгил типдаги иссиқхона барпо этилган. Натижада дастлаб Ижтимоий реестрда турган 50 та оила қамраб олиниб, улар учун доимий иш ўринлари яратилган.

Танлаб олинган ҳар бир эҳтиёжманд оилага 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратиб берилган. Бунда ушбу комплексга бириктирилган лидер тадбиркор фақат ер ва иссиқхона ажратиш билан чекланиб қолмайди, балки уларни 2 йил давомида шу ернинг ўзида ўқитиб, улар етарли билим ва тажрибага эга бўлганидан сўнг ўз томорқаларида иссиқхона ташкил этиш ва даромад манбаини яратишга кўмаклашади.

Энг муҳими, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари лидер тадбиркор томонидан бозор нархида сотиб олинади.

Шунингдек, мазкур иссиқхона комплексида йилига 1 минг нафар фуқарони иссиқхона хўжалиги ва деҳқончилик соҳаси бўйича ўқитиш ҳам йўлга қўйилган. Мазкур тизим аҳоли учун кафолатли ва барқарор даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, оилалар даромадини янада кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Иссиқхона яқинида жойлашган 350 метрлик зовурда 500 бош ўрдак боқишга мўлжалланган махсус ўрдакхона ташкил этилган. Лойиҳа доирасида оилаларга 10 бошдан Бразилиядан келтирилган “Фаворит” наслли ўрдаклар ажратилиб, фуқароларга уларни кўпайтириш технологияси атрофлича ўргатилмоқда.

Мазкур лойиҳа қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган. Бугунги тадбиркорларнинг фақат ўз фойдаси учун эмас, балки одамларнинг ҳам яхши яшашига ўзини дахлдор деб билаётгани алоҳида эътироф этилган.

Лойиҳада замонавий ва ресурстежамкор технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Ҳудудда қуввати 100 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар ишлаб чиқараётган электр энергияси иссиқхонанинг кундалик эҳтиёжини қоплайди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends