Президент Андижонда аҳоли даромадларини ошириш юзасидан йиғилиш бошлади

Local

image

Бугун, 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Билдирилишича, йиғилиш аввалида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз, инвестициялар 8,9 фоизга ўсгани қайд этилган.

“Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим”, деган давлат раҳбари.

Шунингдек, Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, саноат мактаби ва катта бозор каби имкониятлар борлиги таъкидланган.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилган. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм ажратилган.

Президент раислигида ўтаётган йиғилишда ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар юқоридаги ресурсларга муносиб натижага айланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасининг икки қисмини боғловчи янги йўл ўтказгич билан танишганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends