Португалияда Роналду суръати туширилган банкнота чиқарилиши мумкин

Sport

−

image

Португалиялик юлдуз Криштиану Роналду ўз ватанида ўзига хос тарзда тақдирланиши мумкин. Мамлакатда афсонавий футболчининг портретини 50 евро банкнотига жойлаштириш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда “MatchDay Central” нашри хабар берди.

Нашрнинг хабар беришича, айрим португалиялик сиёсатчилар бу ғояни Роналдунинг ютуқларини муносиб эътироф этиш усули деб ҳисобламоқда. Улар футболчининг спортдаги кўплаб муваффақиятлари ва Португалиянинг халқаро обрўсини оширишга қўшган ҳиссасини қадрлашни таклиф қилмоқда.

Шу билан бирга, ташаббус муаллифлари ҳозирча номаълум, расмий таклифнинг тафсилотлари ҳам ошкор этилмаган. Португалия расмийлари ҳам, Европа Марказий банки ҳам бундай банкнот чиқарилиши мумкинлигини тасдиқламаган.

Ушбу ташаббусни амалга оширишда муайян тўсиқлар мавжуд. Португалия евро банкнотлари дизайнини мустақил равишда ўзгартира олмайди, чунки бундай қарорлар Евросистема даражасида қабул қилинади. Европа Марказий банки айни пайтда Европа маданияти ва табиатини акс эттириши керак бўлган янги евро банкнотлари дизайни устида ишламоқда. Янгилаш бўйича якуний қарор 2026 йил охирида қабул қилиниши кутилмоқда.

Қайд этиш жоиз, бу Роналду номини миллий валютада абадийлаштириш билан боғлиқ биринчи ташаббус эмас. 2025 йил декабрь ойида Криштиану Роналдуга бағишланган махсус 7 евро банкноти чиқарилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Португалия банки интернетда тарқалган бу турдаги хабарларни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Роналду миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилган эди. Шунингдек, Португалия терма жамоаси Роналду кўп йиллар давомида кийиб келган машҳур 7-рақамнинг дизайнини янгилагани ҳақида хабар берилганди. Янги кўринишда горизонтал чизиқ пайдо бўлган, аввалги дизайн эса афсонавий ҳужумчининг мероси рамзи сифатида сақлаб қолинган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends