Польша аҳолини ҳимоя қилишга 26 млрд доллар сарфлайди

World

−

image

Бугун, 6 октябрь куни Польша ҳукумати 2027–2031 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 102,4 миллиард злотий (қарийб 26 миллиард доллар)ни ташкил этувчи аҳолини ҳимоя қилиш ва фуқаро мудофааси дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қабул қилади. Бу ҳақда Вазирлар кенгаши йиғилиши олдидан Бош вазир Дональд Туск маълум қилди.  

Унинг сўзларига кўра, маблағлар бошпаналар қуриш ва уларни жиҳозлаш, қутқарув хизматларини ривожлантириш, сув ва энергия етказиб беришнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатлар учун захиралар яратишга йўналтирилади. Бундан ташқари, маблағнинг бир қисмини огоҳлантириш тизимлари ва ахборот хавфсизлигига сарфлаш режалаштирилмоқда. Умумий суммадан тахминан 30 миллиард злотий (7,7 миллиард доллар) ҳудудларга ажратилади.

Янги дастур 2025–2026 йилларда амалга оширилган чора-тадбирларнинг давоми бўлади. Ушбу давр мобайнида Польша ҳукумати аҳолини ҳимоя қилишга қарийб 34 миллиард злотий йўналтирган. Тускнинг айтишича, шу вақтгача бу каби дастур доирасида Польша “асосан шошилинч харидларни, масалан электр узилиши хавфи туғилганда генераторларни молиялаштирган”. Бироқ эндиликда уни кенгайтиришга қарор қилинди. 2024 йилнинг ноябрь ойида мамлакатда фуқаро мудофааси тўғрисидаги қонун қабул қилинган бўлиб, унга кўра ҳар йили ушбу мақсадлар учун ЯИМнинг 0,3 фоизи ажратилиши керак.

“Бир вақтнинг ўзида Польша давлатнинг урушга тўлиқ шайлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ҳужжат миллий ва иттифоқчи қўшинларни кўчиришни соддалаштириш, инфратузилмани тайёрлаш, мудофаа соҳасидаги ҳаракатлар режасини НАТО мезонларига мослаштириш ҳамда доимий навбатчилик тизимини ислоҳ қилишни назарда тутади”, дейди мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Владислав Косиняк-Камиш.

Шунингдек, қонун лойиҳаси доирасида гибрид ҳужумлар, кибертаҳдидлар ва дезинформацияга қарши туриш учун амалдаги меъёрий ҳужжатларни мослаштириш режалаштирилмоқда. Косиняк-Камиш бундай ўзгаришлар заруратини Польша чегаралари яқинида ракеталар ва дронлар билан боғлиқ ҳодисаларнинг тез-тез такрорланаётгани билан боғлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония элита қўшинларини Россия билан чегарага яқинроқ жойлаштириш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можаро ҳолатида “фаол мудофаа”га тайёргарлик кўришга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends