Покистон афғонистонлик талабаларни мамлакатдан ҳайдаяпти
World
−
13:35 832 2 minutes
Покистон тиббиёт регулятори мамлакатдаги тиббиёт ва стоматология олийгоҳларида таҳсил олаётган афғонистонлик талабаларни Афғонистонга қайтишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда “Arab News” хабар берди.
Покистон Тиббиёт ва стоматология кенгашининг жорий йилнинг 1 сентябрдаги кўрсатмасига кўра, мамлакатдаги тиббиёт ва стоматология дастурларига аввалдан қабул қилинган Афғонистон фуқаролари Покистонни тарк этиши керак. Олий таълим муассасаларига эса уларнинг кетиши учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш топширилган.
Шунингдек, жорий ўқув йилида янги афғонистонлик фуқароларни қабул қилиш, бошқа таълим муассасасига ўтказиш ёки уларга бошқа кўмак кўрсатиш ҳам тақиқланган.
Қайд этилишича, Тиббиёт ва стоматология кенгаши Покистондаги афғонистонлик тиббиёт ва стоматология талабаларининг аниқ сонини маълум қилмаган. Шунингдек, ўқишини якунлаш арафасидаги талабалар учун истисно бор-йўқлиги ҳам очиқланмаган.
Қарор Исломобод ва Қобул ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтда қабул қилинди. Покистон 2023 йил охиридан бери афғонистонликларни мамлакатдан чиқариш кампаниясини олиб бормоқда. Халқаро Миграция Ташкилотининг маълумотларига кўра, 2023 йил сентябридан 2026 йил 31 июлигача 2,6 миллиондан ортиқ афғонистонлик Покистондан Афғонистонга қайтган.
Янги кўрсатма эса чекловлар энди фақат ҳужжатсиз мигрантларга эмас, балки Покистонда тиббиёт ва стоматология йўналишларида таҳсил олаётган афғонистонлик талабаларга ҳам татбиқ этилаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон хавфсизлик кучлари Покистон – Афғонистон чегарасида қуруқлик ва ҳаводан махсус амалиёт ўтказиб, камида 29 нафар жангарини йўқ қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All