Пентагон Украинага Patriot ракеталарини ишлаб чиқаришни тақиқлади

World

−

image

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага Patriot зенит-ракета мажмуалари учун ракеталар ишлаб чиқариш лицензиясини бериш жараёни блоклаб қўйди. Масала жорий йилнинг октябрь ойида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Мудофаа вазири Пит Хегсет томонидан дастлабки тарзда келишилганига қарамай, зарур ҳужжатлар якуний расмийлаштирувдан ўтмаган. Бу ҳақда “Озодлик” хабар берди. 

Қайд этилишича, ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари АҚШ Мудофаа вазирининг харидлар ва моддий-техник таъминот масалалари бўйича ўринбосари Майкл Даффи даражасида кечиктирилмоқда. Шу билан бирга, Пентагоннинг расмий вакиллари материал эълон қилинган вақтда жараён тўхтатилгани сабаблари юзасидан изоҳ беришдан тийилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг сентябрь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашув чоғида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан келишувга эришилганини эълон қилган эди. Украина томони мамлакат ҳудудида йиғиш линиясини жойлаштириш бўйича Американинг Raytheon корпорацияси билан музокаралар олиб бормоқда.

Корхона PAC-2 GEM-T туридаги зенит бошқариладиган ракеталарни ишлаб чиқаради. PAC-3 сериясидаги замонавийроқ тутиб олувчи ракеталар эса фақат Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.

Patriot мажмуалари учун зенит ракета-тутиб олувчиларнинг кескин тақчиллиги Россия зарбаларига қарши тура олмаётган Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг асосий муаммоси бўлиб қолмоқда. АҚШнинг Эрон билан можароси бошланганидан сўнг ушбу мажмуалар учун мўлжалланган ракеталарнинг катта қисми Яқин Шарққа йўналтирилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends