Пентагон Афғонистон осмонида кузатилган НУЖ маълумотларини очиқлади

World

image

Пентагон Афғонистон осмонида кузатилган номаълум учар жисмлар ҳақидаги маълумотларни очиқлади. Бу ҳақда идора расмий сайтида оммага тақдим қилинган номаълум учар жисмлар ҳақидаги архив маълумотларининг бешинчи тўпламида қайд этилди.

Унда 41 та файл, жумладан, 16 та видеотасвир ўрин олган. Рассамий маълумотларга кўра, махфийликдан чиқарилган материаллар 1950 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда Пентагон, ФБР, Марказий разведка бошқармаси, АҚШ Давлат департаменти ва Президент маъмурияти томонидан тўпланган.

Эълон қилинган материаллар орасида Яқин Шарқда тасвирга олинган бир нечта видеолавҳалар ҳам бор. Улардан 2025 йилга оид видеолардан бирида аҳоли яшайдиган ҳудуд устида учиб ўтаётган шарсимон объект акс этган.

Шунингдек, 6 та видеолавҳа 2021 йил сентябрь ойида Уммон кўрфази устида АҚШ махсус кучлари машғулотлари вақтида содир бўлган бир воқеанинг турли тасвирларини намойиш этади.

Пентагон, шунингдек, 2002 йилда Афғонистон осмонида ҳарбий учувчи томонидан кузатилган улкан учбурчаксимон объект ҳақидаги гувоҳликни ҳам махфийликдан чиқарган.

Ҳужжатда ҳарбий учувчининг ушбу объект ҳақидаги кузатувлари баён этилган. Унда айтилишича, воқеа тахминан маҳаллий вақт билан соат 04:30 да содир бўлган ва Багром устидан учиб ўтаётган юлдузлар бир зумда хиралаша бошлаган. Учувчи осмонда ғарбдан шарққа томон ҳаракатланган, тенг томонли учбурчак шаклидаги улкан объектни кўрганини билдирган.

“Объект овозсиз ҳаракатланган, доимий тезлик ва баландликни сақлаган, кўринадиган чироқлари бўлмаган. Унинг тезлиги тахминан 150 узел бўлиши мумкин эди”, дейилади махфийликдан чиқарилган маълумотларда.

Тўпламдан 2026 йилда АҚШнинг ғарбий ҳудудларида кузатилган “кўплаб қизил чироқлар” ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган. Пентагон мазкур ҳодиса бўйича воқеанинг бадиий талқинини ҳам эълон қилган.

Пентагоннинг маълум қилишича, НУЖлар ва номаълум ҳаво ҳодисаларига оид архив материалларини оммага тақдим этиш амалиёти келгусида ҳам мунтазам давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Уруш вазирлиги ўз расмий саҳифасида 1994 йил 27 январь куни Қозоғистон осмонида номаълум учувчи жисм кузатилгани ҳақидаги маълумотни эълон қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends