Парижда тўрт босқинчи 3 дақиқада миллион евролик олмосларни ўғирлаб кетди

World

−

image

Франция пойтахти Париж шаҳридаги ҳашаматли заргарлик дўконига тўрт нафар қуролланган шахс бостириб кириб, қиймати 1 миллион евродан ошадиган олмос ва тақинчоқларни ўғирлади. Атиги 2–3 дақиқа давом этган босқинчиликда Калашников русумдаги автомат ҳам ишлатилган, бироқ ўқ узилмаган. Бу ҳақда “Haberler“ хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 12 ноябрь куни соат 11:00 атрофида Place Vendôme майдони яқинидаги Rue de la Paix кўчасида жойлашган De Beers заргарлик дўконида содир бўлган.

Қора кийим кийган ва юзига ниқоб таққан тўрт нафар босқинчи дўкон олдига иккита мотоциклда келган. Улардан бири Калашников русумдаги автомат билан ташқарида қолиб, кузатувчилик қилган. Қолган уч нафари эса дўконга кириб, витриналардаги олмос ва заргарлик буюмларини олиб кетган.

Гувоҳларнинг айтишича, босқинчилар мотоцикллардан бири ёрдамида дўкон эшигини бузиб кирган. Ходимлар қўрқувдан юқори қаватга яширинган. Ҳужумчилар 2–3 дақиқада ўғирликни амалга ошириб, мотоциклларда қочиб кетган.

Босқинчилик вақтида қуроллар намойиш этилган бўлса-да, ўқ узилмаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Гувоҳлардан бири воқеани “Худди фильмдаги саҳнага ўхшарди“, деб таърифлаган.

Париж прокуратураси ҳодиса юзасидан уюшган жиноятчилик доирасида қуролли босқинчилик бўйича тергов бошлаган. Иш Париж суд полициясининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимига топширилган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари қочиб кетган тўрт нафар гумондорни қидирмоқда.

Маълумот учун, босқинчилик содир бўлган Rue de la Paix кўчасида Bulgari, Piaget ва Harry Winston каби машҳур заргарлик брендларининг дўконлари ҳам жойлашган. Аввалроқ, ушбу ҳудуддаги айрим дўконлар ҳам қуролли босқинчиликларга учраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг Иссуар шаҳрида номаълум шахслар Сальвадор Дали қаламига мансуб, вазни 150 килограмм бўлган бронза китоб муқовасини ўғирлаб кетган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends