Хусусий телеканал асосчи ва журналистлари 15 йилгача қамалди
World
−
28 July 2214 2 minutes
Озарбайжонда мустақил “Toplum TV” интернет телеканали таъсисчилари ва журналистларига 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Суд қарорига кўра, 2016 йилда “Toplum TV”га асос солган Акиф Гурбанов 15 йилга, унинг ҳамкасби Аласгар Маммадли эса 14 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, телеканалнинг яна 3 нафар журналисти ва 4 нафар фаолига ҳам молиявий жиноятлар бўйича узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланган.
Қайд этилишича, айбланувчиларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбловларни сиёсий сабабларга асосланган деб атаган. Улар ҳимоячилари орқали суд ҳукми устидан шикоят қилишини билдирган.
Журналист Элмир Аббасовнинг адвокати Элчин Садиговнинг айтишича, суд жараёни адолатли ўтмаган.
“Биз апелляция шикояти берамиз. Суд муҳокамаси умуман олганда адолатсиз бўлди. Ҳимоя томони киритган бирорта ҳам илтимоснома қаноатлантирилмади ва жараён бир томонлама олиб борилди”, деган у.
Маълумот учун, “Toplum TV” Озарбайжондаги кам сонли мустақил интернет нашрларидан бири бўлиб, сиёсат, коррупция, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий масалаларни ёритиб келган.
2024 йил март ойида полиция телеканал офиси ва Бакудаги бошқа манзилларда тинтув ўтказиб, бир қатор ходимлар ва уларнинг ҳамкорларини қўлга олган эди. Дастлаб уларга контрабанда айблови қўйилган, кейинчалик ноқонуний тадбиркорлик, пул ювиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва ҳужжатларни сохталаштириш каби айбловлар ҳам қўшилган.
Озарбайжон ҳукумати журналистларга нисбатан қўзғатилган ишлар сиёсий тусга эга экани ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.
Қайд этиш ўринлики, “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) ташкилоти 2026 йилги матбуот эркинлиги рейтингида Озарбайжонни 180 давлат орасида 171-ўринга жойлаштирган. Бу мамлакатнинг 2025 йилдаги 167-ўриндан ҳам пасайганини кўрсатади.
2024 йилда АҚШ Давлат департаменти “Toplum TV” офисидаги рейдлар ва ҳибслардан чуқур ташвишда эканини билдириб, Озарбайжонни асосий ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланаётган шахсларга нисбатан таъқибларни тўхтатишга чақирган.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August