Nvidia раҳбари Қозоғистонда: мамлакат СИ учун 45 мингта процессор сотиб олмоқчи
World
−
16:42 477 3 minutes
АҚШнинг Firebird компанияси Қозоғистонга 45 мингта Nvidia Grace Blackwell график процессорини етказиб бериш учун экспорт лицензиясини олди. Бу мамлакатда сунъий интеллект учун ҳисоблаш қувватларини оширишга қаратилган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда NVIDIA компаниясининг расмий блогида маълум қилинди.
Қайд этилишича, кеча, 23 октябрь куни Nvidia асосчиси Женсин Ҳуанг Остона шаҳрида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашган. Шунингдек, у Alem.ai халқаро сунъий интеллект марказида Бош вазир ўринбосари – Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев билан очиқ суҳбат ўтказган.
Маълумотларга кўра, Ҳуанг Қозоғистонга энергетика ресурсларидан сунъий интеллект саноатини ривожлантиришда фойдаланишни таклиф қилган. Унинг фикрича, мамлакат келажакда электр энергиясини бевосита экспорт қилиш ўрнига, ундан ҳисоблаш қувватларини яратишда фойдаланиб, “интеллект” экспорт қилиши мумкин. Бунинг учун арзон электр энергияси, маълумотлар ва ҳисоблаш хизматларига талаб зарур.
Ҳуанг, шунингдек, Қозоғистонни сунъий интеллектни робототехника, автоном транспорт ва саноат тизимлари билан бирлаштирувчи Physical AI технологиялари марказига айлантириш имкониятини тилга олган. Бундай технологиялар кончилик, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва логистика соҳаларида қўлланиши мумкин.
Қозоғистонда йирик маълумотлар марказлари қурилмоқда
Firebird компанияси учун ҳисоблаш мажмуасининг биринчи босқичи Экибастуз шаҳрида “Kazakhtelecom” билан ҳамкорликда қурилмоқда. Уни тижорий фойдаланишга топшириш 2027 йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган. Иккинчи босқич ҳам амалга оширилса, Firebird’нинг Қозоғистондаги инфратузилмаси умумий энергия қуввати қарийб 500 МВтга етиши мумкин.
Бундан ташқари, Data Center Valley лойиҳаси ҳам ривожлантирилмоқда. Маълумотлар марказлари кластерини босқичма-босқич 1 ГВтгача кенгайтириш режалаштирилган. Қозоғистон Сунъий интеллект вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳанинг 215 МВт қувватга эга биринчи босқичи тўлиқ банд қилинган.
15 июнь куни Қозоғистон ҳукумати сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмага оид, умумий инвестиция ҳажми 10 миллиард доллар деб кўрсатилган келишувлар пакети тузилганини маълум қилган. Келишувлар маълумотлар марказлари, булутли хизматлар ва ҳисоблаш қувватларини ривожлантиришни назарда тутади.
Nvidia Қозоғистон билан боғлиқ стартапга сармоя киритди
Ташриф давомида Nvidia ва АҚШнинг TKV фонди сунъий интеллект ёрдамида видео ва тасвирлар яратувчи Higgsfield компаниясига сармоя киритгани ҳам эълон қилинган. Сан-Францискода рўйхатдан ўтган компаниянинг муҳандислик жамоасининг катта қисми Қозоғистонда фаолият юритади. Компания маълумотига кўра, платформа фойдаланувчилари сони 40 миллиондан ошган. Nvidia ва TKV киритган янги инвестиция миқдори ошкор этилмаган.
Қозоғистонда миллий сунъий интеллект моделлари ҳам ривожлантирилади
Музокараларда миллий тил моделларини ривожлантириш масаласи ҳам кўтарилган. Ҳуанг мамлакатлар ўз маълумотлари устидан назоратни сақлаши, маҳаллий тиллар ва маданий хусусиятларни ҳисобга оладиган сунъий интеллект тизимларини яратиши зарурлигини таъкидлаган.
“Kazakhtelecom” Остона ва Олмаотада 400 та H200 ҳамда 480 та B300 график процессорини жойлаштирган. Оператор 2027 йилда яна 2 мингдан ортиқ GPU ўрнатишни режалаштирмоқда. Ушбу инфратузилма Қозоғистон компанияларига ўз сунъий интеллект моделларини ўқитиш, хорижий буюртмачиларга ҳисоблаш хизматларини кўрсатиш ва технологияларни саноатда қўллаш имконини бериши кутилмоқда.
Бироқ эълон қилинган инфратузилманинг катта қисми ҳали қурилиш ёки режалаштириш босқичида. Ҳисоблаш хизматлари экспортининг амалдаги кўлами маълумотлар марказларининг ишга туширилиши, электр энергияси мавжудлиги ва хизматларга бўлган талабга боғлиқ бўлади.
Live
All