“Ноқонуний”. Рубио Халқаро жиноий судни кескин танқид қилди
World
−
18:34 224 2 minutes
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Халқаро жиноий судни (ХЖС) танқид остига олиб, уни “ноқонуний” деб атади ҳамда халқаро ҳуқуқдан Вашингтоннинг ташқи сиёсий қарорларига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишда айблади. Бу ҳақда у Консерватив юридик бирлашма – “Federalist Society” томонидан ташкил этилган Ҳуқуқшунослар миллий қурултойида гапирди.
Рубио ўз нутқида Америка маъмуриятининг ташқи сиёсий қарорлари “халқаро ҳуқуқни бузиш” деган важ билан танқид қилинаётганини айтган. Шу билан бирга, Америка дипломатияси раҳбари ХЖСни “сохта ва ноқонуний” институт деб атаган.
“Ушбу глобал элита учун халқаро ҳуқуқ холис қоидалар тўплами эмас, балки улар универсал тамойилларни ҳимоя қилиш баҳонасида ўз манфаатларини илгари суриш учун фойдаланадиган воситадир”, дейди у.
Рубио, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ХЖСга қарши санкциялар жорий этиш тўғрисидаги қарорини ҳимоя қилиб, суд ўз юрисдикциясини ҳатто унинг ваколатларини тан олмайдиган суверен давлатларга ҳам татбиқ этишга уринаётганини билдирган.
“Америкаликлар ҳеч қачон ХЖС юрисдикциясига бўйсунишга рози бўлмаган, бироқ ушбу суд ва унинг иттифоқчилари ўзларини халқаро тартибнинг судьялари, ҳакамлари ва жаллодлари деб эълон қилишди”, дейди Давлат котиби.
Эрон атрофидаги вазиятга тўхталар экан, Рубио Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлиши минтақа ва АҚШ учун жиддий таҳдид туғдиришини маълум қилган.
“Тасаввур қилинг, агар Эронда ядро қуроли бўлганида нима бўларди? Улар бутун минтақани ва ҳатто Қўшма Штатларни ҳам гаровда ушлаб турган бўларди”, дейди у.
Рубио, шунингдек, Эронни экспансионистик сиёсат юритишда айблаб, уни Шимолий Кореяга қарама-қарши қўйган. Унинг таъкидлашича, Теҳрондан фарқли ўлароқ, Пхеньяннинг асосий мақсади бошқа давлатлар ҳудудларини босиб олиш эмас, балки амалдаги режимни сақлаб қолиш.
Давлат котиби АҚШнинг иқтисодий босими Эронни сезиларли даражада заифлаштирганини қайд этган.
“Биз ҳозир Эронга ўтказаётган иқтисодий босим шу қадар кучлики, ҳарбий операциялар ўтказишга ҳожат йўқ”, дейди Рубио.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Халқаро жиноий судга қарши санкциялар киритгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November