Неймар 6 ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин

Sport

−

image

Бразилиянинг “Сантос” клуби ҳужумчиси Неймар олти ўйингача дисквалификация қилиниши ва жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда “Globo” портали хабар берди.

Бразилиялик юлдуз “Баия”га қарши 1:1 ҳисобида якунланган учрашувда Родриго Нестор билан жанжал вақтида оғзини қўли билан беркитгани учун майдондан четлатилди. Ҳодиса иккинчи бўлим бошланиши арафасида юз берган. Рақиб футболчиси ушбу ҳолатга эътибор қаратганидан сўнг, ҳакам VAR ёрдамида вазиятни кўриб чиқиб, Неймарни майдондан четлатишга қарор қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Неймарни олти ўйингача дисквалификация қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, бразилиялик футболчи 100 минг Бразилия реалигача жаримага тортилиши ҳам мумкин. Ушбу қоида “Винисиус Жуниор қоидаси” деб аталмоқда.

У 2026 йил февраль ойида Чемпионлар лигасида “Реал Мадрид” ва “Бенфика” ўртасидаги учрашувдан кейин қўлланила бошлаган. Ўшанда Винисиус Жуниор аргентиналик Жанлука Престианни томонидан ирқчиликка оид ҳақоратга учраганини маълум қилган эди.

Кейинчалик мазкур қоида 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам жорий этилди. Турнир гуруҳ босқичидаги Туркияга қарши баҳсда парагвайлик ярим ҳимоячи Мигель Альмирон оғзини қўли билан беркитгани учун майдондан четлатилган.

Қайд этиш жоиз, Неймар 2026 йилда барча мусобақаларда 27 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урган ва 8 та голли узатмани амалга оширган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends