Непалда мактаб директори 900 ўқувчини тошқиндан қутқариб қолди

World

image

Непалнинг Нувакот туманидаги ўрта мактаб директори Ражендра Давади жорий йилнинг 26 август куни Непал ва Хитой чегарадош ҳудудига ёпирилган ҳалокатли сел оқимидан ўз мактабининг 900 нафар ўқувчисини қутқариб қолди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, Ражендра Давади 1600 нафар бола таҳсил оладиган “Трибҳуван Тришули” ўрта мактабини бошқаради. 26 август куни у яқинлашиб келаётган сел оқими ҳақида тўртта огоҳлантириш олганю Улардан бири қўшни Бетравати шаҳридан келган. Шундан сўнг, директор дарсларни бекор қилишга қарор қилган ва барча ўқувчиларга зудлик билан баландликка кўтарилишни буюрган.

“Мен ортиқ пайсалга солиш керак эмас деб қарор қилдим. Ҳатто сув тошқини содир бўлмаганда ҳам, бу бор-йўғи битта ўқув куни йўқотилиши бўларди, холос”, дейди директор.

Эвакуация давом этаётган бир вақтда директор сел оқими дарёдан тахминан 100 метр узоқликда жойлашган ётоқхона биносини қамраб олганини кўрган. Унинг сўзларига кўра, атиги ўн дақиқалик кечикиш мактабдагиларнинг барчаси ҳалок бўлишига олиб келиши мумкин эди.

“Мени ва синфдошларимни ўлимдан атиги ўн сония ажратиб турди”, дейди 16 ёшли ўқувчи Юниша. 

Унинг айтишича, сув ва вайроналар шаҳарни босиб олаётган бир пайтда болалар сўқмоқ бўйлаб юқорига югурган. Сел келганидан уч кун ўтиб Юниша ўз оиласи билан қайта топишган.

Офат Непалнинг бошқа ҳудудларига ҳам зарба берган. Сув тошқинидан энг кўп жабр кўрган жойлардан бири бўлган Дадингда бир гуруҳ ўқувчилар сув урилган пайтда тушлик танаффусида бўлганликлари сабабли омон қолган. Бошқа мактабларда ўқитувчилар сув ёпирилиб келишидан бир лаҳза олдин болаларга портфель ва тушлик қутиларини ташлаб югуришни буюриб, уларни синфхоналардан олиб чиқишга улгурган.

“Save the Children” хайрия ташкилотининг хабар беришича, сув тошқини мамлакатдаги камида 69 та мактабни вайрон қилган ёки зарар етказган, бу эса деярли 19 минг болага таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непал ва Хитойда юз берган ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида вафот этганлар сони минг нафардан ошгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Непалнинг ўзида 987 киши ҳалок бўлган, қарийб 4 минг киши бедарак йўқолган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends