Непал ва Хитойдаги табиий офат қурбонлари минг нафардан ошди
Олам
−
11:56 353 1 дақиқа
Непал ва Хитойда юз берган ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида вафот этганлар сони минг нафардан ошди. Непалнинг ўзида 987 киши ҳалок бўлди, қарийб 4 минг киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Associated Press“ хабар берди.
Непал табиий офатлар бўйича агентлиги бугун, 1 сентябрь куни мамлакатда 987 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Яна 3 минг 916 киши бедарак йўқолган. Уларнинг 583 нафари хорижликлардир.
Хитой расмийлари эса мамлакатда 16 киши ҳалок бўлганини билдирган. Шу тариқа икки давлатдаги табиий офат қурбонлари сони камида 1 минг 3 нафарга етган.
Айни пайтда қутқарув гуруҳлари камида 12 та гидроэлектр станциясида қолиб кетган ишчиларни қидирмоқда.
Маълум қилинишича, табиий офат жорий йилнинг 26 август куни Ҳимолай тоғларида музликнинг қулаши ортидан бошланган. Катта миқдордаги тош, муз ва эриган сув водийларга оқиб тушиб, қуйи оқимларда кучли сув тошқинларини юзага келтирган.
Олимларнинг сунъий йўлдош тасвирлари асосидаги таҳлилига кўра, ҳодиса музлик остидаги тоғ жинсларининг емирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тош ва муз массаларининг қулаши кучи 5,2 магнитудали сейсмик ҳодиса сифатида қайд этилган.
Қайд этилишича, Непалнинг айрим ҳудудларида шахси аниқланмаган жасадлар соғлиқ учун хавф кучайгани сабабли вақтинча кўмилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалдаги кўчки ва сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 900 кишидан ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси