“Насаф” ўз майдонида “Ал-Ваҳда”га мағлуб бўлди
Sport
−
09:59 444 1 minute
Кеча, 14 октябрь куни Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақаси “А” гуруҳи 2-туридан ўрин олган учрашувда Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз майдонида БААнинг “Ал-Ваҳда” клубини қабул қилди. “Марказий” стадионида бўлиб ўтган баҳсда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувнинг 23-дақиқасида Факундо Круспски ҳисобни очиб, БАА клубини олдинга олиб чиқди. 38-дақиқада “Насаф” ҳисобни тенглаштириш учун яхши имкониятга эга бўлди. Бироқ дарвозабон Абдувоҳид Неъматов пенальтини аниқ амалга ошира олмади. Унинг зарбасини “Ал-Ваҳда” посбони қайтарди.
Орадан бир дақиқа ўтиб, Круспски яна бир бор ўзини кўрсатди ва дубль қайд этиб, жамоасининг биринчи бўлимни 2:0 ҳисобида якунлашини таъминлади.
Иккинчи бўлим бошида “Насаф” фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди. 47-дақиқада захирадан майдонга тушган Бобир Абдухолиқовнинг голи орадаги фарқни қисқаришига сабаб бўлди. Бироқ қолган дақиқаларда “Ал-Ваҳда” ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб, ғалабани сақлаб қолди.
Шу тариқа, “Ал-Ваҳда” Қаршида муҳим уч очкони қўлга киритиб, гуруҳ етакчисига айланди. “Насаф” эса гуруҳ босқичидаги иккинчи учрашувидан сўнг 1 очко тўплаган ҳолда 3-поғонани эгаллаб турибди.
Live
All