Наркотик билан қўлга тушган Navai Қозоғистондан ҳайдалди
Art & Culture
−
16:53 1592 3 minutes
Қозоғистон чегарасида наркотик билан ушланган рэпер Navai’га нисбатан жиноят иши тугатилди. Бу ҳақда адвокат Сергей Жоринга таяниб, “Super” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 20 октябрь куни Navai’га нисбатан очилган иш реабилитация қилинмайдиган асосларга кўра тугатилган. Шунингдек, рэпер Қозоғистондан депортация қилинган.
Адвокат Сергей Жорин нашрга берган интервьюсида Navai (ҳақиқий исми Наваи Бакиров) қўлга олинган вазиятда ижобий якун бўлганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мусиқачига Қозоғистонда ҳеч қандай жазо хавф солмайди.
“Россияда жавобгарликка тортилиши мумкинлигига келсак, Бакировга бу ерда албатта нимадир хавф солади дейишга ҳеч қандай асос кўрмаяпман. Қозоғистонда жиноят ишининг тугатилишининг ўзи Россияда янги иш қўзғатилишига олиб келмайди”, дейди Жорин.
Унинг қўшимча қилишича, қонунга кўра (Россия Жиноят кодексининг 12-моддаси), россиялик чет элда содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка фақат хорижий суд ушбу иш бўйича ҳали ўз қарорини чиқармаган бўлсагина тортилиши мумкин. Шу билан бирга, бошқа мамлакатда ишнинг тугатилгани факт сифатида етарли эмас: Россияда иш қўзғатиш учун алоҳида асослар ва далиллар керак бўлади.
“Менинг фикримча, маълум ҳолатларда воқеаларнинг бундай ривожланиш эҳтимоли жуда паст”, дейди ҳуқуқшунос.
Сергей Жорин, шунингдек, агар рэпер Қозоғистонга қайтишни хоҳласа, қандай чекловларга дуч келиши мумкинлигини ҳам айтган. Қозоғистон Республикасининг “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонунининг 48-моддасига кўра, агар суд чет элликни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарган бўлса, унга беш йил муддатга кириш тақиқланади. Бу муддат чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор ижро этилган кундан бошлаб ҳисобланади.
“Шу сабабли, агар Бакировга нисбатан айнан чиқариб юбориш бўйича суд қарори қабул қилинган бўлса, яқин беш йил ичида у Қозоғистонга, жумладан, концертлар ўтказиш учун ҳам ташриф буюра олмайди”, дейди Жорин.
Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни Navai мухлислари унинг Остонада ўтказилиши режалаштирилган концертига туша олмаслиги маълум бўлган эди. Ташкилотчилар концерт бекор қилинганини эълон қилган.
Ўша куни Жамбил вилояти Ички ишлар бошқармаси Navai гиёҳвандлик моддалари контрабандасида гумонланиб қўлга олинганини хабар қилди. У вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Шу билан бирга, рэпернинг директори Рауф Гусанов артистнинг қўлга олинишига изоҳ беришдан бош тортди, унинг онаси эса вазиятни “туҳмат” деб атади ва у тез орада қўйиб юборилишига ишонч билдирди.
Бу фонда Қирғизистонда текширув бошланди. Чеклов хизмати мусиқачининг чегарадан гиёҳвандлик моддалари билан қандай ўтиб кетганини аниқламоқда, айбдорлар жазоланиши мумкин.
15 октябрь куни артистни ҳибсга олишга санкция берилди. Унинг адвокати Рена Керимова ҳимоя томони унга жарима тайинланишига эришишга ҳаракат қилишини айтган эди.
Live
All