Россия Navai’нинг ҳибсга олиниши ортидан Қозоғистон ТИВга нота юборди
World
−
11:04 887 2 minutes
Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги рэпер Navai (Наваи Бакиров)нинг ушланиши ҳолатига ойдинлик киритиш сўрови билан Қозоғистон ТИВга нота юборди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
“Биз маҳаллий ҳокимият билан расмий мулоқот усулимиз бўлган нотани юбордик. Мақсад — вазиятга ойдинлик киритиш ва, очиғини айтганда, Россия Федерацияси фуқароси ҳозирда қаерда экани, қандай шароитда ушлаб турилгани ва ҳоказолар бўйича жавоб олиш ҳамда зарурат туғилганда у билан консуллик учрашувини сўрашдир”, дейилади консуллик хабарида.
Идоранинг маълум қилишича, Россия томони санъаткорнинг ушлангани ҳақида ОАВдан хабар топган, Қозоғистон расмийларидан расмий билдиришнома бўлмаган.
Navai’нинг ҳимоя томони суднинг ҳибсга олиш ҳақидаги қарори юзасидан апелляция шикоятини тайёрлашни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 октябрь куни Наваи Бакиров Қирғизистондан Қозоғистонга кираётганда “Қордай” ўтказиш пунктида ушланган. Жамбил вилояти полиция департаментининг хабар қилишича, у ҳаракатланаётган автомобиль текширилганда гиёҳвандлик моддаси аниқланган ва мусодара қилинган.
Ижрочи вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган, 15 октябрь куни эса суд уни ҳибсга олишга санкция берган. Тергов гиёҳвандлик моддаларининг контрабандаси ва ноқонуний сақланиши билан боғлиқ иккита модда бўйича олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 14 октябрь куни Остонада Navai’нинг яккахон концерти бўлиб ўтиши керак эди. Тадбир бошланишига тўрт соат қолганда чипта оператори концерт “техник сабабларга кўра” бекор қилинганини эълон қилган.
Қирғизистон Чегара хизмати санъаткор “Ақ-Жол – автодорожный” ўтказиш пунктидан назоратдан қандай ўтганини аниқлаш учун хизмат текширувини бошлаган. Қирғизистон идораси агар қоидабузарликлар аниқланса, ходимлар жавобгарликка тортилишини маълум қилган.
Наваи Бакиров – HammAli & Navai дуэти орқали танилган озарбайжон миллатига мансуб россиялик рэпер ва хонанда.
Live
All