Ислом оламида янги иттифоқ. Улар кимга қарши?
Review
−
12 August 1447 8 minutes
Дунё мусулмонлари орасида кўп йиллардан бери муҳокама қилинаётган бир ғоя бор: мусулмон давлатлари ўз хавфсизлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бир ёқадан бош чиқара оладими? Айниқса, Исроилнинг Ғазога босқини ва мусулмон давлатларнинг бунга йўл қўйиб бергани ортидан актуаллашган ушбу савол бугун ўз жавобини топмоқда. Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон Макка шаҳрида тарихий уч томонлама мудофаа шартномасини имзолади.
Бу уч давлат ўртасида кўп бора турли ўзаро ҳарбий шартномалар имзоланган. “Макка қўшма мудофаа шартномаси” деб номланган келишув эса шунчаки навбатдаги ҳарбий ҳамкорлик ҳужжати эмас. Ҳужжатда худди НАТОнинг 5-моддаси ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг 4-моддасидаги каби иттифоқчиларнинг бирига қилинган ҳужум қолган шерикларга ҳам таъсир этиши белгиланган. Бу норма олдинги келишувларда бўлмаганлиги туфайли “Макка шартномаси” халқаро геосиёсий харитани ўзгартириши мумкинлиги айтилмоқда.
Аммо саволлар кўп. Нега айнан Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон? Бу келишув кимга қарши қаратилган? У ҳақиқий ҳарбий иттифоққа айланадими ёки минтақадаги янги кучлар мувозанатини шакллантириш учун сиёсий сигнал бўлиб қоладими? Энг муҳими эса – Маккада бошланган бу учлик келажакда бошқа мусулмон давлатларини ҳам бирлаштира оладими? Бугун шу каби саволларга жавоб топамиз.
Маккадаги бирлашув
7 август куни Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида уч томонлама мудофаа келишуви Макка шаҳрида имзоланди. Ҳужжат Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Саудия Арабистони валияҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон ҳамда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирокида расмийлаштирилди.
“Макка қўшма мудофаа битими” деб номланган келишув уч давлатнинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш, умумий таҳдидларини олдини олиш ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади. Ҳужжатга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум қолган икки давлатга ҳам қилинган ҳужум сифатида қаралади.
Шу сабаб айрим экспертлар мазкур тузилмани “мусулмон НАТОси”нинг бошланиши деб атамоқда. НАТОнинг 5-моддасига кўра ҳам худди шундай бир аъзога қилинган ҳужум барча аъзоларнинг ҳарбий жавоб қайтаришига сабаб бўлади. Аммо бугун бу давлатларнинг фақат уч нафар эканлиги, бошқа мусулмон аҳолили давлатларни қамраб олмагани туфайли ҳали НАТО каби кўламга эга эмас.
“Мусулмон дунёсининг энг нуфузли учта давлати ноаниқлик кучайган бир пайтда йиғилишмоқда, бу минтақавий ва ўрта давлатлар ўртасида хавфсизлик масалаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга бўлган иштиёқнинг ортиб бораётганини намойиш этади”, дейди Саудияда жойлашган таҳлил маркази бўлган Форс кўрфази тадқиқотлари маркази раиси Абдулазиз Сагер.
Бундан олдин ҳам мамлакатлар ўртасида қатор ҳарбий келишувлари имзоланган эди. Бунга яққол мисоллардан бири Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида 2025 йилнинг 17 сентябрь санасида Ар-Риёд шаҳрида имзоланган “Strategic Mutual Defence Agreement” яъни “Ўзаро стратегик мудофаа келишуви”дир. Ҳужжатга кўра, икки давлатдан бирортасига қилинган ҳар қандай тажовуз ҳар иккала давлатга қилинган тажовуз деб баҳоланиши керак эди. Бундан ташқари, шартнома икки мамлакат ўртасида узоқ йиллардан бери мавжуд бўлган ҳарбий тайёргарлик ва тажриба алмашиш жараёнларини расмий, ҳуқуқий ва мустаҳкам асосга ўтказди.
Покистон ва Туркия ўртасида эса 2025 йил 13 февралда Исломобод шаҳрида қатор ҳарбий ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланганди. “Покистон-Туркия юқори даражали стратегик ҳамкорлик кенгаши”нинг 7-йиғилиши доирасида имзоланган 24 та ҳужжат ичида ўзаро ҳаво кучлари электрон уруши соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда мудофаа ишлаб чиқаришида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларида англашув меморандумлари имзоланган эди.
Бироқ бу галги иттифоқ икки томонлама эмас, уч томонлама эканлиги ва тўлиқ мудофаа ҳамкорлигига эътибор қаратилгани шартноманинг аҳамиятини ифода этади. Туркия НАТОда АҚШдан кейинги энг катта ҳарбий қудратга эга. Саудия Арабистони Исломнинг энг муқаддас жойларига мезбонлик қилади ва дунёдаги энг йирик нефть экспортчиларидан бири, Покистон эса ядровий қуролга эга ягона мусулмон давлатидир. Бир сўз билан айтганда турли соҳаларнинг етакчи мусулмон давлатлари.
Туркия вице-президенти Жевдат Йилмаз келишув муайян давлатга қарши қаратилмаганини айтган. Ҳоқон Фидан ҳам янги иттифоқ Эрон ёки бошқа бир давлатга қарши эмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мақсад уч давлат хавфсизлигини умумий тарзда қўллаб-қувватлашдир.
Саудия Арабистони жамоатчилик дипломатияси бўйича вазирининг ўринбосари Райед Кримлиҳ ҳам ижтимоий тармоқлардаги постида ушбу келишув ҳарбий ўқ ёки мазҳаблараро блокни яратишга уриниш эмаслигини айтган.
“Бу ҳеч қандай ядровий амбициялар ёки қуролланиш пойгаси билан боғлиқ эмас”, дейди у.
Эрон ҳам Макка келишувидан жиддий хавф кутгани йўқ. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги 10 август куни расмий баёнот бериб, “Макка келишуви”да Теҳронни хавотирга солиши мумкин бўлган қоидалар йўқлигини билдирди.
“Айни пайтда гап дини, тарихи ва сивилизатси муштарак бўлган уч мамлакат – Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ҳақида бораётгани сабабли, бу келишув Эронга қарши қаратилган деб хавотирланишимизга ҳеч қандай асос йўқ”, дейди Исмоил Бағоий.
Шунингдек, баёнотда Эроннинг Туркия ва Покистон билан илиқ муносабатларда эканлиги эслатиб ўтилган. Теҳроннинг фикрича, ушбу битим минтақа мамлакатлари АҚШ ва бошқа бир қатор ташқи кучларнинг хавфсизликни таъминлаш ҳақидаги ваъдаларига таяна олмаслигидан келиб чиққан.
Учлик эса аллақачон қўшма ҳарбий машғулотларни амалга оширишга келишиб олган. Шу йилнинг кузидан бошлаб, келишув доирасида армиялар ўртасида кадрлар, ҳарбий ишланмалар алмашинуви йўлга қўйилади.
Агар қўшма ҳарбий машғулотлар самарали бўлса, ҳали бу иттифоқнинг таркиби ҳам кенгайиши эҳтимолдан холи эмас.
“Пишиб етилган” муаммолар
Яқин Шарқда янги ҳарбий-сиёсий учлик пайдо бўлиши тасодифий ҳол эмас, яна бундай таркиб ортида узоқ вақтдан бери “пишиб етилган” муаммолар борлиги аниқ. Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон, ҳар бирининг ҳал қилиши керак бўлган муаммолари, хавотирлар етарли.
Шунчаки айни пайтдаги геосиёсий вазиятда умумий бир баҳо берайлик. АҚШнинг минтақадаги хавфсизлик ролига саволлар кўпаймоқда, на Эрон, на Исроил Трампнинг йўриғидан юрмоқда. Яқин Шарқдаги ҳозирги кескинликни инобатга олсак Саудия Арабистони учун хавфсизлик масаласи нақадар ўринли эканлигини англаш қийинмас. Исроил билан муносабатлар мусулмон давлатлари учун тобора нозик масалага айланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, бугун ҳамма қўшниси билан ўртадаги деворни баландроқ ва мустаҳкамроқ қилишга интилмоқда.
АҚШ Президенти Дональд Трамп сал аввалроқ Саудия Арабистонига Иброҳим келишувларига қўшилмаса, у билан фуқаролик ядро энергетикаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўймаслигини маълум қилган эди. Гарчи Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш масаласини Фаластин давлатчилиги бўйича йўл харитаси билан боғлаб келаётган бўлсада, АҚШнинг бундай зўрма-зўраки шартлари ҳар қандай ҳукуматга оғир келиши табиий.
Шу нуқтада Маккадаги келишувнинг асл мазмуни янада ёрқинроқ намоён бўлади. Балки ушбу “мусулмон НАТОси” Трампнинг сўровига енгил тарсаки бўлиши мумкин.
Бундан ташқари Ар-Риёд кўп йиллар давомида хавфсизлик масаласида АҚШга таяниб келди. Саудия Арабистони учун Америка ҳарбий соябони минтақадаги энг муҳим хавфсизлик кафолатларидан бири бўлиб келган. Бироқ сўнгги йиллардаги урушлар бу кафолатнинг қанчалик ишончли эканига саволлар туғдирди. Айнан АҚШнинг ҳарбий базалари бугун Саудияни Эроннинг нишонларидан бирига айлантириб қўймоқда. Бундан ташқари, буткул Америка ҳарбийларига таяниш, Вашингтоннинг миннатларига ҳам сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Янги иттифоқ эса айнан АҚШнинг ҳарбий ёрдамларидан бироз бўлса-да чекиниш ва диверсификация қилиш бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шундай қилиб, Ар-Риёд бир томонда Покистоннинг ҳарбий кадрлари ва тажрибаси, иккинчи томонда Туркиянинг мудофаа саноати ва технологияларини ўз хавфсизлик архитектурасига яқинлаштирмоқчи.
Гап фақат Саудия Арабистонида эмас, Иттифоқнинг ҳар уч аъзосида ўзига яраша сабаблар бор. Анқара НАТОнинг иккинчи энг йирик армиясига эга бўлса-да уни европаликлар унча чиқиштирмаслиги бор гап. Бндан ташқари АҚШнинг молиявий кўмагисиз НАТОнинг “кемаси” ҳам аста-секин чўкаётгандек. Шундай экан, ҳозир “янги кемага ўтишнинг” айни вақти.
Шу билан бирга, Туркия сўнгги йилларда мустақил мудофаа саноатини жадал ривожлантириб, ўзини фақат НАТО доирасидаги ҳарбий куч сифатида эмас, балки алоҳида минтақавий марказ сифатида кўрсатишга уринмоқда. Янги ҳарбий иттифоқнинг лидерларидан бири бўлиш эса бунда асқатади.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам келишув келажакда бошқа давлатлар учун ҳам очиқ эканини айтди. Миср потенциал иштирокчилардан бири сифатида тилга олинди. Фидан, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг уч давлат билан чекланиб қолмай, минтақадаги бошқа давлатларни ҳам ушбу тузилма остида бирлаштиришни истаётганини билдирган. Бу эса Анқаранинг келажакдаги амбицияларни яққол намоён этади.
Бундан ташқари, Исроил билан ўртадаги совуқ муносабатлар Туркияни ҳам деворларини мустаҳкамлаш ва иттифоқчиларини кенгайтиришга ундаётган бўлса ажаб эмас. Саудиядек бой, Покистондек ядровий қуролига эга дўстнинг бўлиши ҳар холда Исроилни ҳам ўйлаб иш қилишга мажбур қилади.
Гарчи Маккадаги келишувни Туркиянинг НАТОдан чиқишга тайёргарлиги сифатида талқин қилиш ҳозирча нотўғри бўлса-да Туркия бу иттифоқдан ютқазмаслиги аниқ.
Исломобод учун Маккадаги келишувнинг энг катта қиймати шундаки, Покистон ўз ҳарбий салоҳиятини нафақат Жанубий Осиёда, балки ундан ташқарида ҳам намойиш қилиш имконига эга бўлмоқда.
Покистоннинг асосий хавфсизлик муаммоларидан бири Ҳиндистон билан узоқ йиллик қарама-қаршилик ва сўнгги вақтларда актуаллашган Афғонистон билан боғлиқ хавфсизлик масалаларидир. Макка келишуви эса Покистоннинг ҳар икки қўшнисига бир хил сигнални йўллайди: “Энид Покистонга қилинган ҳар қандай ҳужум Туркия ва Саудия Арабистонининг ҳам кескин жавобига сабаб бўлиши мумкин.”
Бир нарсани эслатиб ўтиш керакки, ушбу келишув айни бир давлатга қарши йўналгани ҳақида аниқ айтилмаган, айтилмайди ҳам. Халқаро муносабатлардаги сиёсий тилнинг моҳияти ҳам шунда аслида. Шундай экан юқорида саналган сабаблар ҳам мутлақ ҳақиқат эмас, балки бизга маълум жиҳатлардан келиб чиқиб қилинган прогнозлардир.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August