Муддати ўтган ярим млрд сўмлик дориларни сотмоқчи бўлганлар ушланди

Crime

image

Наманганда 502,7 млн сўмлик давлат рўйхатидан ўтмаган ва яроқлилик муддати ўтган дорилар муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Департаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида “M.Sh.” МЧЖ раҳбари А.А. (муқаддам судланган) ва бошқалар Наманган шаҳридаги “Бобуршоҳ” МФЙ ҳамда Давлатобод туманидаги “Порлоқ” МФЙ ҳудудларида жойлашган омборларда жами 485 турдаги 32 минг 626 қути дори воситалари ва тиббий буюмларни келгусида сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган.

Қайд этилишича, ушбу маҳсулотларнинг давлат реестрида қайд этилмаган, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмагани ва айримларининг яроқлилик муддати ўтган. Аниқланган дори воситалари ва тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ҳамда бошқа ҳудудларда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends