MrBeast Самарқанддаги тартибсизлик сабаб Ўзбекистондан кетиб қолдими? (видео)

Local

−

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга махсус дастур асосида ташриф буюрган америкалик машҳур блогер Жимми Дональдсон (MrBeast) Самарқанд шаҳрига борган пайтида мухлислари сабаб Ўзбекистондан кетиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, CNN телеканалининг Instagram’даги саҳифасида ҳам Самарқанддан кадрлар эълон қилиниб, MrBeast жамоаси хавфсизлик сабабли сафарни бекор қилиши мумкинлигини хабар қилди. Ушбу хабарлар юзасидан Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Жимми Дональдсоннинг Ўзбекистонга ташрифи аввал-бошданоқ икки шаҳар – Тошкент ва Самарқандни ўз ичига олиши режалаштирилган. Дастур MrBeast жамоаси билан олдиндан келишилган ва тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилган. Дастурнинг ҳеч бир банди бекор қилинмаган ва у жўнаб кетадиган сана олдиндан белгиланган бўлган.

Билдирилишича, тасвирга олиш гуруҳининг қолган аъзолари режалаштирилганидек Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида суратга олиш ишларини давом эттирмоқда.

“Жамғарма Тошкент ва Самарқанд аҳолиси ва меҳмонларига Жимми ва унинг жамоасига кўрсатилган илиқ олқишлар учун миннатдорлик билдиради. Ташриф ҳақидаги аниқ маълумотлар Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг расмий каналларида эълон қилиниб борилмоқда”, дейилади жамғарманинг расмий баёнотида.

Маълумот учун, MrBeast жорий йилнинг 9 октябрь куни Ўзбекистонда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган оммавий тадбир доирасида Тошкентга келганди. MrBeast YouTube’даги йирик бюджетли видеолари, турли мусобақалари ва катта пул мукофотлари билан танилган. Унинг каналларига жами 500 миллиондан ортиқ фойдаланувчи обуна бўлган. Блогер, шунингдек, хайрия лойиҳалари билан ҳам шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида меҳмон бўлиб турган Mr Beast’нинг транспорт воситаси ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бу хабарларни рад этди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends