Мирзо Оламгир Бангладешнинг янги Президенти бўлди

World

image

Бангладешнинг ҳукмрон Миллий партияси бош котиби, 78 ёшли Мирзо Фахрул Ислом Оламгир мамлакатнинг янги Президенти этиб сайланди. Бу ҳақда парламентда бўлиб ўтган овоз бериш натижалари кўрсатмоқда.

Парламентдаги овоз беришда ҳокимият партияси вакилининг ягона рақиби “Ислом жамоати” бошчилигидаги 11 та партия коалицияси томонидан ушбу лавозимга номзоди кўрсатилган Бангладеш Либерал-демократик партияси раиси Оли Аҳмад бўлган.

Сайлов комиссияси бош комиссари Носир Уддиннинг маълум қилишича, Оламгир 255 та, Оли Аҳмад эса 88 та овоз олган. Янги Президент бугун, 21 август оқшомда қасамёд қабул қилади.

Бангладешда президентлик сайлови илк бор депутатларнинг тўғридан тўғри – бюллетенларни сайлов қутиларига ташлаши орқали овоз бериши йўли билан ўтказилган. Сайлов комиссияси 349 нафар қонунчидан иборат сайловчилар рўйхатини тасдиқлаган. Улардан 247 нафари Бангладеш Миллий партияси депутатлари, 90 нафари эса мухолифат коалицияси вакиллари. Олти нафар парламент аъзоси овоз беришда иштирок этмаган.

Маълумот учун, Бангладешда президент давлат раҳбари ҳисобланади, аммо унинг ваколатлари асосан рамзий хусусиятига эга. Ижро этувчи ҳокимият бош вазир ва ҳукумат қўлида тўпланган. Қоида тариқасида президент уларнинг маслаҳати билан иш юритади ва мустақил сиёсий қарорлар қабул қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда давлат раҳбари этиб сайланган Бангладеш президенти Шаҳобиддин Чуппу жорий йилнинг 24 июль куни соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиққан эди. Мамлакат конституциясига кўра, янги президент сайлови 90 кун ичида парламент аъзоларининг овоз бериши орқали ўтказилиши керак. Ҳозирда президентлик вазифаларини вақтинчалик парламент спикери Ҳофиз Уддин Аҳмад бажармоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends