Месут Ўзил Украинада норасмий “қора рўйхат”га киритилди
Sport
−
14:46 1065 2 minutes
Германия терма жамоаси сафида 2014 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби бўлган Месут Ўзил Украинанинг “Миротворец” интернет-ресурси маълумотлар базасига киритилди. Бу ҳақда “RBC-Ukraine” нашри хабар берди.
Собиқ футболчи махсус ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлашда айбланмоқда. Бунга Ўзилнинг Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ва Европа футбол иттифоқини (UEFA) Россия терма жамоаларининг халқаро мусобақалардан четлатилиши ҳамда Исроил жамоаларига нисбатан чора кўрилмаётгани борасидаги икки хил ёндашувни бартараф этишга чақирган баёноти сабаб бўлган.
Маълумот учун, 38 ёшли Ўзил 2023 йилда профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган. Унинг сўнгги жамоаси Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби бўлган.
Фаолияти давомида у Испаниянинг “Реал Мадрид”, Англиянинг “Арсенал”, Туркиянинг “Фенербахче”, шунингдек, Германиянинг “Шальке” ва “Вердер” клубларида тўп сурган.
“Реал Мадрид” сафида Испания чемпионати, Кубоги ва Суперкубогида бир мартадан ғолиб чиққан. “Арсенал” билан тўрт марта Англия Кубогини қўлга киритган. “Вердер” билан эса Германия Кубогида зафар қучган.
Ўзил Германия терма жамоаси сафида 92 та учрашувда майдонга тушиб, 23 та гол урган ва 40 та голли узатмани амалга оширган. Шунингдек, у 2010 йилги Жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган.
Маълумот учун, “Миротворец” 2014 йилда ташкил этилган нодавлат интернет-ресурс бўлиб, унда сайт маъмурияти Украина миллий хавфсизлигига таҳдид солади, деб ҳисобланган шахслар ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.
Live
All