Мессининг онаси Нико Пасни ўғлининг вориси деб атади
Sport
−
11:41 375 2 minutes
Саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби Лионель Мессининг онаси Селия Куччиттини “Комо” ярим ҳимоячиси Нико Пасни Аргентина терма жамоасида ўғлининг вориси деб билади. Бу ҳақда футболчининг амакиси Фабиан Пас “Radio La Red” нашрига маълум қилди.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни Месси Аргентина терма жамоаси сафидаги сўнгги ўйинини ўтказди. Аргентиналиклар Бенинни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳужумчи мазкур учрашувда битта гол уриб, иккита голли узатмани амалга оширди. Ўйиндан сўнг Мессининг онаси ва Нико Пас ўртасида суҳбат бўлиб ўтди.
“У кийиниш хонасидан чиққанида, Мессининг онаси йиғлаб ўтирарди. Нико уни танигaни учун салом бериш мақсадида яқинлашди. Шунда Мессининг онаси унинг қўлидан ушлаб: “Сен менинг ўғлимнинг ворисисан”, деди. Мен уни машинада кутиб турган эдим. Нико ташқарига чиққанидан кейин шок ҳолатида эди. У менга: “Мен билан нима содир бўлганига ишона олмаяпман”, деди. Бу ҳақда худди ақл бовар қилмайдиган воқеа юз бергандек гапириб берди. У қалбида ҳамон бола, жуда таъсирчан инсон”, дейди Фабиан Пас.
Маълумот учун, 39 ёшли Месси 2023 йилдан буён Шимолий Америка Олий футбол лигаси (MLS) вакили “Интер Майами”да тўп суриб келмоқда. У Европа фаолияти давомида “Барселона” ва “Пари Сен-Жермен” жамоаларида ўйнаган. “Барселона” сафида 4 марта Чемпионлар лигаси, 3 марта UEFA Суперкубоги ва уч марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.
Ҳужумчи Аргентина терма жамоаси билан 2022 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби, 2014 ва 2026 йилги мундиал финалчиси, 2008 йилги Олимпия чемпиони ва икки карра Америка Кубоги ғолиби (2021, 2024) ҳисобланади. Шунингдек, у “Олтин тўп”ни энг кўп қўлга киритган футболчи ҳисобланади.
22 ёшли Нико Пас “Реал”нинг ёшлар академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2024 йилда мадридликлар сафида Испания чемпионати, Чемпионлар лигаси ва Испания Суперкубогида ғолиб чиққан. Футболчи 2024 йилдан буён “Комо”да тўп сурмоқда. Дастлаб Италия клубида ижара асосида ўйнаган Пас кейинчалик жамоанинг тўлақонли футболчисига айланган.
Live
All11:52