Мбаппега нисбатан ирқчилик қилган мухлис 11 ойга қамалди

Sport

−

image

Испаниянинг “Овьедо” клуби мухлиси Ла Лига учрашувида “Реал Мадрид” ҳужумчиси Килиан Мбаппега нисбатан ирқчилик қилгани учун 11 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда COPE радиостанцияси хабар берди.

Қарор Астурия вилояти судининг иккинчи палатаси томонидан қабул қилинди.

Судланувчи нафрат қўзғатиш жиноятида айбдор деб топилди. У 11 ойлик қамоқ жазосига, муайян давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ва жаримага тортилди. Бироқ қамоқ жазоси икки йил давомида расмий футбол учрашувларига ташриф буюрмаслик шарти билан кечиктирилди.

“Ушбу ишда хусусий айбловчи сифатида иштирок этган “Реал Мадрид” бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда бўлгани каби ирқчиликка қарши курашиш ва футболда, умуман, спортда унинг ҳар қандай кўринишини бартараф этишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”,  дейилади клуб баёнотида.

Қайд этилишича, воқеа 2025 йил 24 август куни “Реал Мадрид”нинг “Овьедо”га қарши сафардаги учрашуви вақтида содир бўлган.  Ўшанда “Реал Мадрид” сафарда “Овьедо”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган. Учрашувнинг 37-дақиқасида Мбаппе гол урганидан кейин айбланувчи унга нисбатан маймунга хос имо-ишоралар ва товушлар чиқарган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends