Маркировкалаш қоидасини илк бор бузган тадбиркорлар энди жарима тўламайди
Local
−
10:40 503 2 minutes
Ўзбекистонда маркировкалаш талабларини бузган тадбиркорлар учун жавобгарлик енгиллаштирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг ноябригача маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини енгиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда, хусусан, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар учун жарималарни қатъий миқдорда белгилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, маркировкалаш талаблари илк бор бузилгани аниқланганида огоҳлантириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Яъни тадбиркорга биринчи қоидабузарликнинг ўзи учун дарҳол жарима солиш ўрнига, камчиликни бартараф этиш имконияти берилади.
Фармонда меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналари фаолиятига тааллуқли яна бир енгиллик ҳам белгиланган. Унга кўра, бундай тадбиркорлар сув ва салқин ичимликлар, пиво ҳамда тамаки маҳсулотларини харид қилганда, ушбу маҳсулотларнинг рақамли маркировка кодлари корхонада якуний истеъмолчига сотилган деб эътироф этилади.
Фармонда тадбиркорлар учун жарималарни қўллашнинг умумий тартибини ҳам юмшатиш кўзда тутилган. Хусусан, биринчи марта қоида бузган, бироқ фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ёки бошқа шахсларнинг мол-мулкига зарар етказмаган тадбиркорга жарима солинмасдан, камчиликни тузатиш учун 10 кун муддат бериш назарда тутилмоқда.
Маълумот учун, маркировкалаш қоидаларига оид ўзгаришлар ҳозирча таклиф босқичида. Тегишли қонун лойиҳаси 2026 йил ноябригача ишлаб чиқилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сув ва газли ичимликларга қўйилган янги маркировка тизими (яъни, маҳсулотни кузатиб бориш тизими) ҳозирча мажбуран жорий қилинмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All