Малайзиянинг собиқ бош вазири активларини яширишда айбланмоқда

World

image

Малайзиянинг собиқ бош вазири Исмоил Сабри Якоб ўзига тегишли мол-мулк ва маблағлари ҳақида маълумот бермагани учун судга тортилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрга кўра, у ўзига қўйилган айбловни тан олмаган ва 300 минг Малайзия ринггити гаров эвазига озод қилинган.

Қайд этилишича, Исмоил Сабри маҳаллий ва хорижий валюталар, шунингдек, олтин қуймаларини декларация қилмаганликда айбланмоқда. У Куала-Лумпурдаги судда ўзини айбсиз деб тан олган.

Суд қарорига кўра, собиқ бош вазир 300 минг Малайзия ринггити, яъни қарийб 74,5 минг АҚШ доллари гаров эвазига озод қилинган. Маълумотларга кўра, агар у айбдор деб топилса, Исмоил Сабрига 5 йилгача қамоқ жазоси ва 100 минг Малайзия ринггитигача жарима берилиши мумкин.

Исмоил Сабрийнинг адвокати Амер Ҳамза Аршад собиқ бош вазирга қўйилган айблов айрим мол-мулклари ҳақида маълумот бериш талабини бажармагани билан боғлиқлигини айтган.

“Биз айбловни ўрганиб чиқамиз. Судга маълум қилганимиздек, айбловнинг асосланганлиги ва қонунийлиги бўйича айрим хавотирларимиз бор, бироқ ҳозир бу борада батафсил тўхталиб ўтмаймиз”, деган адвокат.

Маълум қилинишича, Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси 2025 йилда Исмоил Сабри билан боғлиқ деб тахмин қилинган қарийб 40 миллион долларлик мол-мулк ва маблағларни мусодара қилган. Текширувлар давомида турли валюталарда жами 170 миллион Малайзия ринггити нақд пул ва 16 килограмм олтин қуймалари олиб қўйилган.

Қайд этилишича, унга қўйилган айблов Малайзиянинг Коррупцияга қарши курашиш комиссияси тўғрисидаги 2009 йилги қонуннинг 36 (2)-моддаси асосида қўйилган бўлиб, мазкур модда комиссиянинг мол-мулк ҳақида маълумот бериш ҳақидаги талабини бажармаслик учун жавобгарликни белгилайди.

Маълумот учун, Исмоил Сабри Якоб 2021 йил августидан 2022 йил ноябригача Малайзия Бош вазири лавозимида фаолият юритган. У бунгача мамлакат парламенти депутати ва турли вазирликларда, жумладан, қишлоқ ва ҳудудларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ички савдо соҳаларида вазир лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания собиқ бош вазири Хосе Луис Родригес Сапатеро COVID-19 пандемияси даврида хусусий авиакомпанияни “инқироздан қутқариш” учун пора олганликда ва бошқа тегишли жиноятларда айбланиб тергов қилинган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends