Мактабларга 350 млрд сўм ажратилган, аммо жиҳозлар ҳали сотиб олинмаган – депутат (видео)
Local
−
16:50 1029 3 minutes
Жорий йил якунигача мактабларда 1000 та компьютер синфи ташкил этиш керак ва 6300 та электрон доска етказилиши зарур, бироқ ҳозирга қадар уларнинг бирортаси ҳам харид қилинмаган. Бу ҳақда депутат Зуҳриддин Мавлонов жорий йилнинг 25 август куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида сўз очди.
Мазкур вазифа 2030 стратегияси ҳамда 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурининг саккизинчи бандида белгиланган. Унга кўра, йил якунига қадар умумтаълим мактабларида 1000 та янги компьютер синфи ташкил этилиши ва 6300 та электрон доска харид қилиниши керак. Бунинг учун давлат бюджетидан жами 350 миллиард сўм ажратилган. Депутатнинг айтишича, белгиланган вазифани бажариш учун маблағ ҳам, масъуллар ҳам, муддат ҳам аниқ. Бироқ ҳозиргача амалий натижа кўринмаган.
“Маблағ аниқ, масъул аниқ, муддат бор, лекин ҳозирга қадар бирортаси амалга оширилмаган. Кечикиш сабаблари нимада?” дейди Зуҳриддин Мавлонов.
Мавлонов янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолганини ҳам таъкидлаб, қолган тўрт ой ичида белгиланган кўрсаткичларга эришиш мумкинми, деган саволни ўртага ташлаган.
“Бир ҳафтадан кейин янги ўқув йили бошланадиган мактабларимизда нега ҳалигача электрон доскалар ёки компьютер синфлари ташкил этилмади? Йил якунига тўрт ой қолди. Тўрт ой якунигача 1000 та компьютер синфи ташкил этилиб, 6000 дан зиёд электрон доскалар мактабларга етказиб бериладими?” дея сўрайди депутат.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова эса кечикиш харид жараёнлари билан боғлиқлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда тендер савдолари ўтказилмоқда.
“Давлат бюджети қонунига асосан 2026 йилда мактабларимизни 1000 та компьютер синфлари билан таъминлаш юзасидан 250 миллиард сўм маблағ ажратилган. Дастлабки экспертиза хулосалари асосида ушбу маблағларга 1000 та эмас, балки 1350 та компьютер синфи тўпламини харид қилиш белгиланди. Ҳозирда дастлабки экспертиза хулосалари олинган ва тендер савдолари эълонга жойлаштирилган”, дейди Эъзоза Каримова.
Электрон доскалар бўйича ҳам алоҳида тендер жараёни олиб борилмоқда. Вазирнинг маълум қилишича, дастлабки тендерда ғолиб аниқланмагани сабабли харид қайта эълон қилинган.
“Мактабларимизни электрон доскалар билан таъминлаш бўйича ҳам 100 миллиард сўм маблағ ажратилган. 12 июль куни электрон доскаларни сотиб олиш бўйича тендер савдоларига эълон қўйилган, лекин ғолиб аниқланмаганлиги сабабли 10 август куни яна қайта тендер эълон қилинди”, дейди вазир.
Вазирнинг айтишича, электрон доскалар бўйича ғолибни аниқлаш жараёни жорий йилнинг 26 августига белгиланган. Шундан сўнг харидлар амалга оширилади.
“Ғолиблар аниқ бўлгандан кейин барча харидлар амалга оширилади. Октябрь ойи якунига қадар барча белгиланган компьютер синф тўпламлари ҳам, электрон доскалар ҳам мактабларимизга тўлиқ етказиб берилади ва давлат дастурида белгиланган кўрсаткичларга чиқамиз”, деб сўзини якунлайди Эъзоза Каримова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида 2026–2027 ўқув йили дарслари 2 сентябрь, чоршанба кунидан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All