Макрон ўзини украинлар қаторига қўшиб юборди
World
−
14:19 555 2 minutes
Франция Президенти Эммануэль Макрон Берлиндаги матбуот анжуманида Украина ва НАТОга аъзолик масаласи ҳақида гапираётиб, ўзини ҳамда бошқа европаликларни украинлар деб атаб юборди. Сиёсатчи ўз фикрини баён қилиш давомида гапида адашгани матбуот анжуманидаги нутқидан маълум бўлди. Бу ҳақда “Газета.Ru” хабар берди.
Маълум қилинишича, Макрон Берлиндаги матбуот анжуманида Украина масаласи яна музокаралар кун тартибига қайтиши кераклигини таъкидлаган. У ўз фикрини билдириш жараёнида “биз – украинлар, европаликлар” дея мурожаат қилган ва шу пайтда ўзини ҳам украинлар қаторига қўшиб юборган.
“Менимча, бугун ушбу масала, жумладан, биз – украинлар ва европаликлар учун ҳам яна долзарб бўлиб бормоқда”, деган Франция Президенти.
Макроннинг бу гапи Украина билан боғлиқ масалалар, хусусан, мамлакатнинг НАТОга эҳтимолий аъзолиги муҳокама қилинаётган бир пайтда янграган. 19 ноябрь куни Франция раҳбари Украинанинг альянсга қўшилиши мумкинлиги мавзусини музокаралар кун тартибига қайта киритиш зарурлигини билдирган эди.
Берлиндаги учрашувда Германия, Франция, Буюк Британия ва Италия раҳбарлари, НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳамда Украина президенти Владимир Зеленский иштирок этган. АҚШ делегацияси таркибида эса президентнинг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф бўлган.
Мазкур учрашувдан бир неча кун аввал Макрон Украина НАТОга аъзо бўлиши кераклигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бунга мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти асос бўла олади. Франция Президенти Украина “Европадаги энг кучли анъанавий армияга эга” эканини айтиб, Киевга альянс доирасида “муносиб ўрин” берилиши лозимлигини билдирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Франция раҳбарининг Украинани НАТОга қабул қилиш ҳақидаги талабига киноя билан муносабат билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, НАТО Россия ҳудудининг ичкарисидаги ҳарбий базалар, қурол-яроғ омборлари ва саноат объектларига зарба бериш бўйича ўз ёндашувини қайта кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди. Альянс узоқ масофага зарба берувчи қуроллардан фойдаланиш ва бундай зарбаларга қўйилган чекловларни бекор қилиш имкониятини муҳокама қилаётганини маълум қилган.
Live
All