Кўк рангли мевалар ҳужайраларнинг қаришини секинлаштириши мумкин – тадқиқот
Wellness
−
11:29 757 2 minutes
Россиялик олимлар кўк мева, голубика, клюква ва брусника таркибидаги моддалар ҳужайраларнинг қариши ҳамда айрим тўқималарда чандиқ ҳосил бўлиши жараёнини секинлаштириши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Biomedicines“ илмий журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, тадқиқот Сургут давлат университети ва Қозоғистон Республикаси Миллий биотехнология маркази олимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тадқиқотчилар шимолий ҳудудларда ўсадиган резаворлар таркибидаги полифенолларни ўрганган. Булар ўсимликларни қуёшнинг ультрабинафша нурлари, зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қиладиган табиий моддалардир. Улар меваларнинг ранги ва таъмига ҳам таъсир қилади.
Сургут давлат университети тиббиёт институти директори Людмила Коваленконинг айтишича, полифеноллар антиоксидант ва яллиғланишга қарши хусусиятларга эга. Улар ҳужайраларни муддатидан олдин қаришдан ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин. Тадқиқотда бу таъсир, айниқса, кўк мева ва голубикада яққол намоён бўлган. Тажрибалар учун Сургут атрофида терилган резаворлардан фойдаланилган.
Олимлар ушбу моддаларнинг яна бир муҳим хусусиятини аниқлаган. Улар фиброз деб аталадиган жараённинг ривожланишини секинлаштириши мумкин.
Фиброз – соғлом тўқималарнинг чандиқсимон тўқима билан алмашинишидир. Бу жараён кўпинча ўпка, жигар, буйрак ва юракда кузатилади. Сурункали яллиғланиш, кислород етишмаслиги ёки турли шикастланишлар фиброзга сабаб бўлиши мумкин.
Коваленконинг таъкидлашича, тадқиқот натижалари, айниқса, ўпка фиброзини ўрганишда муҳим. Бу касаллик ўпкада чандиқсимон тўқима ҳосил бўлишига олиб келади ва нафас олишни қийинлаштириши мумкин. Ўпка фибрози пневмония, аутоиммун ва касбий касалликлардан кейин ҳам ривожланиши мумкин. Айрим ҳолларда эса унинг сабаби номаълум бўлиб қолади.
Олимларнинг фикрича, шимолий резаворлар таркибидаги полифеноллар фибрознинг бошланиш эҳтимолини камайтириш ва унинг ривожланишини секинлаштириш учун қўлланиши мумкин. Келажакда ушбу моддалар асосида фойдали озиқ-овқат маҳсулотлари, кейинчалик эса фиброзни даволашга мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Седарс-Синай тиббиёт маркази олимлари мунтазам равишда қаҳва ичиш жигар циррози, жигар саратони ҳамда ушбу аъзо касалликлари асоратлари туфайли ўлим хавфининг камайиши билан боғлиқлигини аниқлаган эди.
Live
All26 October
26 October