Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс қарийб $22 минг билан ушланди
Crime
−
14 July 1412 1 minute
Наманган вилоятида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс улардан 21 850 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Уйчи тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Учқўрғон тумани сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ҳайдовчиси А.С. 5 нафар фуқарони Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, у ушбу ваъда эвазига фуқаролардан жами 21 850 АҚШ долларини олиб, фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.С. га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида уч нафар фуқарони Германияга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан қарийб 20 минг АҚШ доллари ва 2 миллион сўм олган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек,Тошкентда фуқароларни Германияга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланган эди.
Live
All