Колумбия даҳшати: зилзила қурбонлари сони 250 нафардан ошди (фоторепортаж)
World
−
12:05 1039 2 minutes
Жорий йилнинг 10 август куни Колумбиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 250 нафардан ошди. Қутқарувчилар вайроналар остидаги тирик қолганларни топиш учун туну кун иш олиб бормоқда. Бу ҳақда бугун, 12 август куни “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, 7,4 магнитудали зилзила Колумбиянинг қаҳва етиштириладиган ҳудудларини ларзага келтирган. Ер силкиниши мамлакатда сўнгги 100 йилликда юз берган энг вайронкор табиий офатлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Маълумотлар қурбонлар сони 254 нафарга етганини кўрсатган. Улардан 101 нафари қаҳва етиштириладиган ҳудуд марказидаги Перейра шаҳрида, яна 95 нафари мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри Калийда ҳалок бўлган.

Зилзила оқибатида кўплаб турар жойлар, мактаблар, шифохоналар ва соғлиқни сақлаш марказлари жиддий зарар кўрган. Айрим бинолар қулаган, бошқалари эса қийшайиб қолган.

Қутқарувчилар вайроналар остида қолган инсонларни аниқлаш учун иш вақтида сукут сақлашни сўраб, уларнинг овозини эшитишга уринмоқда. Махсус техника билан бир қаторда, қутқарувчилар айрим жойларда вайроналарни қўллари билан ҳам тозаламоқда.

Зилзила эпимарказига яқин жойлашган, Тинч океани соҳилидаги Чоко ҳудудида яшовчи кўплаб маҳаллий аҳоли ҳали ҳам электр энергияси ва асосий хизматлардан маҳрум. Бу эса қутқарув ишларини янада қийинлаштирмоқда.
Табиий офат янги Президент Абелардо Де Ла Эсприелла лавозимга киришганидан бир неча кун ўтиб, содир бўлган. Президент зарар кўрган ҳудудларга бориб, уй-жойидан айрилган фуқароларга иқтисодий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

Қутқарув ишлари 10 августдан бери давом этмоқда. Мутахассислар кранлар ва экскаваторлардан фойдаланмоқда, айрим ҳудудларда эса одамлар жонли занжир ҳосил қилиб, вайроналар қолдиқларни челакларда ташиб чиқармоқда.
Перейра шаҳридаги маҳаллий аҳолидан бири Роза Гонсалес зилзила вақтида эри ва 10 ойлик чақалоғи билан бинодан чиқишга улгурганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бино аввалига ғичирлай бошлаган, улар ташқарига югуриб чиққанидан кўп ўтмай эса бино қулаган.

Гонсалеснинг айтишича, бинодаги 8 киши тирик қолган, бироқ кекса эркак айвонда қолиб кетган ва у ҳалок бўлганлар орасида бўлиши мумкин.

Перейра аэропортига эндигина етиб келган ижтимоий тармоқ фаоли Хосе Галлего ҳам зилзилага дуч келган. У ҳодисани жонли эфир вақтида тасвирга олган. Видеода кучли силкинишлар, шифт қисмларининг қулаши ва унинг стол остида яширингани акс этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбиянинг ғарбий қисмида содир бўлган кучли зилзила оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All