Киевда метро, трамвай ва троллейбуслар ҳаракати тўхтаб қолди
World
−
19:33 1116 1 minute
Бугун, 10 октябрь куни Украина пойтахти Киевда электр таъминотидаги узилишлар сабаб метро ва ерусти электр транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилди, шунингдек, сув таъминотида ҳам муаммолар юзага келди. Бу ҳақда Киев шаҳар маъмуриятига таяниб, “ Украинска Правда” хабар берди.
Қайд этилишича, Киев вилоятидаги энергетика объектига зарар етиши ортдан пойтахтда электр таъминоти билан боғлиқ вазият ёмонлашган. Ташқи электр манбаларидан кучланиш келмагани сабаб метро поездлари ҳаракати ва эскалаторлар фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Шунингдек, Голосеевский туманида, Соломенский, Шевченковский ва Печерский туманларининг айрим қисмларида трамвай ҳамда троллейбуслар ҳаракати тўхтаб қолган. Шаҳарда сув таъминотида ҳам узилишлар кузатилган. Мутахассислар сув таъминотини тиклаш устида иш олиб борган.
Нашрнинг кейинги маълумотига кўра, қарийб бир соатдан сўнг метро поездлари ҳаракати, ундан кейин эса ерусти электр транспорти қатнови қайта тикланган.
Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинлари бугун, 10 октябрь куни Украина жануби-шарқидаги Запорожье шаҳрига бешта бошқариладиган авиабомба ташлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All