Киев қиш учун озиқ-овқат ва сув ғамлашни бошлади
World
−
10:11 829 2 minutes
Киевда қишда электр энергияси узоқ вақтга ўчиб қолиши ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш мақсадида озиқ-овқат ҳамда ичимлик суви захираларини шакллантирилмоқда. Бу ҳақда “РБК-Украина“ Киев шаҳар давлат маъмуриятига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу захиралар ёрдамида 25 минг кишига иссиқ овқат тарқатиш имконияти яратилади. Шаҳар ҳокимлиги озиқ-овқат маҳсулотларини биринчи навбатда кам таъминланган фуқароларга берилишини билдирган. Тайёрланаётган захиралар электр таъминотида узоқ муддатли узилишлар юз берганда “Бардошлилик пунктлари”да, фавқулодда вазиятлардан жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатишда ҳамда авария-қутқарув ишларига жалб этилган ходимларни таъминлашда ишлатилади.
Шу билан бирга, Киев расмийлари қўшимча равишда яна 20 мингта озиқ-овқат тўпламини харид қилишни режалаштирмоқда.
Бундан бир неча кун аввал Киев маъмурияти қиш мавсумида аҳолининг энг заиф қатламлари учун вақтинчалик жойлаштириш пунктлари тайёрланганини ҳам маълум қилган. Уларга қишки жойлаштириш бўйича 1 300 дан ортиқ ёлғиз кексалар, ногирон фарзандлари бор қарийб 400 та оила ва 500 нафар ногиронлиги бўлган шахсдан ариза келиб тушган.
Киев шаҳар давлат маъмурияти раҳбари ўринбосари Олег Куявскийнинг айтишича, ёрдам биринчи навбатда кам таъминланган киевликлар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга етказилади.
Украина энергетика вазири Денис Шмигаль август ойида Россия ҳарбийлари келаётган қишда нафақат энергетика тизимларига, балки сув таъминоти тизимларига ҳам зарба бериши мумкинлигини айтган.
“Аввалги қишда улар электр тармоқлари ва иситиш тизимларига зарба берган, бироқ электр ўчган пайтда газ ва сув бўлса, яшаб қолиш мумкин эди. Сув ва канализациясиз 3 кундан ортиқ чидаш ниҳоятда қийин”, деган Шмигаль.
Шу билан бирга, Украина Президенти ҳузуридаги мудофаа технологиялари йўналиши бўйича маслаҳатчи Сергей Бескрестнов қишда мамлакатда озиқ-овқат ёки ёнилғи оммавий танқислиги кутилмаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, асосий хавф энергетика объектларига берилиши мумкин бўлган зарбалар билан боғлиқ.
У аҳолини генератор ва пауэрбанкларни нархлар ошишидан олдин харид қилишга чақирган.
Айни пайтда Украинада қанд лавлаги экилган майдонлар мамлакат мустақилликка эришганидан бери энг паст кўрсаткичга тушган. Жорий йилда ушбу экин 162 минг гектар майдонга экилган. Бунга уруш эмас, жаҳон бозорида шакарнинг арзонлашгани сабаб бўлган. Шу боис яқин маркетинг йилида шакар танқислиги кутилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский уруш қишда ҳам давом этиши мумкинлигини айтган эди.
Live
All