Худоёрхон ўрдасида кўнгилочар тадбир ўтказган директорга ҳайфсан берилди
Crime
−
10:47 4179 2 minutes
Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси ҳудудида Маданий мерос агентлиги билан келишмаган ҳолда кўнгилочар тадбир ўтказган музей директори ҳайфсан олди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 3 октябрь куни Худойорхон ўрдаси ҳудудида “А.клуб” номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида “Чопон пати” тадбири ташкил этилган. Мазкур тадбир “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган.
Агентлик маълумотларига кўра, 2024 йилда қабул қилинган тегишли буйруқ талабларига асосан давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий-маърифий, оммавий ва бошқа тадбирлар агентлик билан белгиланган тартибда келишилиши лозим.
Шунингдек, давлат музей-қўриқхонаси ҳудуди маданий мерос объекти сифатида алоҳида муҳофаза қилиниши керак. Шу сабабли, бундай ҳудудларда тадбирларни ташкил этишда объектнинг маданий аҳамияти, тарихий қиёфасини асраш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш талабларига риоя этилиши шарт.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани сабабли Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
Маданий мерос агентлиги келгусида маданий мерос объектлари ва музей-қўриқхоналар ҳудудида тадбирларни белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ ташкил этилиши устидан назоратни кучайтиришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро шаҳрида жойлашган Нодир Девонбеги мадрасаси олдида онлайн қимор ўйини реклама қилингани ҳақида хабар бериган эди.