Хитойда она қорнидаги чақалоқнинг ўпкаси операция қилинди
Wellness
−
18:18 811 2 minutes
Хитойда шифокорлар ҳомила ҳали она қорнидалигида унинг ўпкасидаги 5 сантиметрлик ўсмани махсус игна ёрдамида йўқ қилди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.
Қайд этилишича, Шэньчжэнь ва Гонконг шифокорларидан иборат тиббий жамоа 40 ёшли аёлнинг 22 ҳафталик ҳомиласида ўпка тўқимасининг ғайритабиий ўсиши – CPAM аниқланганидан сўнг операция ўтказган.
Текширувларда ўсма ҳомиланинг ўнг кўкрак қафасини тўлиқ эгаллагани, юрак ва ўпкани қаттиқ сиқиб қўйгани аниқланган. Шунингдек, қорин бўшлиғида суюқлик тўпланган.
Одатда бундай ҳолатларда суюқликни чиқариш ёки ўсмани озиқлантирувчи асосий қон томирини беркитиш усулларидан фойдаланилади. Бироқ мазкур ўсма майда кисталардан иборат бўлиб, марказий қон томирига эга бўлмагани сабабли бу усуллар самара бермаган.
Шундан сўнг, шифокорлар янги усулдан фойдаланган. Юқори аниқликдаги реал вақт режимида ишловчи УЗИ назорати остида махсус абляция игнаси она қорни, бачадон девори ва ҳомиланинг кўкрак қафаси орқали ўсманинг марказигача киритилган.
Махсус игна орқали микротўлқинли технология ёрдамида ўсма тўқимаси кучли иситилиб, ичкаридан йўқ қилинган. Фаол иситиш жараёни атиги икки дақиқа давом этган. Шифокорлар бу вақтда ҳомиланинг соғлом аъзолари зарар кўрмаслигини назорат қилган.
Операциядан уч кун ўтиб, ўсманинг ҳажми сезиларли даражада кичрайган ва қоринда тўпланган суюқлик ҳам йўқолган. Ҳомиладорлик 37 ҳафтага етгач, чақалоқ кесарево кесиш орқали дунёга келган. Унинг вазни 2,9 килограмм бўлган ва туғилганида Апгар шкаласи бўйича 10 балл олган.
Маълум бўлишича, чақалоқ тўрт ойлик бўлганида ҳам соғлом ва ҳеч қандай аломатлар кузатилмаган. Унга қўшимча жарроҳлик амалиёти талаб этилмаган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, мазкур операция она ва ҳомила тиббиётида янги босқич сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда туғилиши кутилаётган чақалоқ ҳали онаси қорнидалигида ноёб жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All